Ўзбекистон ва Украина жорий йил давомида эркин савдо зонасини яратиши мумкин

Ўзбекистон ва Украина жорий йил давомида эркин савдо зонасини яратиши мумкин

Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги Ўзбекистон ва Канада билан эркин савдо зонасини яратишга тайёргарлик кўрмоқда.

«Турли мамлакатлар билан эркин савдо зонасини яратиш тўғрисида музокаралар олиб бориляпти. Бу биз қилишимиз мумкин ва керак бўлган иш. Бу Шимолий Америка, кеча эса Марказий Осиё мамлакатларидан бири билан суҳбат бўлди», – дейди иқтисодий ривожланиш вазири Павел Шеремета. Сўз айнан қайси мамлакатлар ҳақида боряпти деган саволга, у Канада ва Ўзбекистон деган жавобни қайтарди. Июль ойида вазир ушбу мамлакатларнинг вакиллари билан музокаралар олиб борганди.

Шереметанинг сўзларига кўра, мазкур мамлакатлар билан эркин савдо зонаси шу йил давомида яратилиши мумкин.

«Биз жадаллаштирилган режим, тезлаштирилган йўл харитаси ҳақида сўз юритяпмиз, бу бир йилдан кам дегани», – қайд этади у.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистоннинг Украинадаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алишер Абдуалиев Павел Шеремета билан учрашгани ҳақида хабар бергандик. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.