Moody’s коронавирус пандемиясининг таъсирига қарамай Ўзбекистон банк тизимини барқарор деб баҳолади

Moody’s коронавирус пандемиясининг таъсирига қарамай Ўзбекистон банк тизимини барқарор деб баҳолади

“Moody’s” халқаро рейтинг агентлигининг 2020 йил 8 апрелда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси банк тизими прогнози “барқарор” даражада сақлаб қолингани маълум қилинди. Бунда, республика банк тизимининг МДҲ мамлакатларига нисбатан Коронавирус пандемиясининг таъсирига бардошлироқ эканлиги асосий омил сифатида кўрсатилди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат секторининг мамлакат иқтисодиёти ва банк тизимида салмоқли улушга эга эканлиги ва моддий захиралар яратганлиги коронавирус тарқалиши сабабли иқтисодий фаолият бузилишининг банкларнинг активлари сифатига бўлган таъсирини чеклайди. Мустаҳкам моддий захиралар ва олдинги катта даромадлар иқтисодий шароитнинг ёмонлашуви натижасида кўриладиган зарарларни қоплаш учун етарли ҳисобланади. Бироқ, давлат банкларидаги кредитларнинг ўсиши уларнинг ликвидлик захираларига нисбатан босимни кучайтиради.

“Moody’s” агентлиги қуйидаги омилларни Ўзбекистон банк тизимининг барқарорлигига ижобий таъсир қилиши кутилмоқда:

банк тизими кредит портфелида давлат корхоналарига берилган кредитлар устунлик қилиши ва ушбу қарз олувчилар давлатнинг ёрдамига суяниши мумкинлиги берилган кредитлар ишончлилигини ошириб, банклар активларининг сифати ёмонлашиши хавфини камайтиради;

республиканинг асосий савдо ҳамкор давлатлари, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Туркия миллий валюталарининг сезиларли даражада қадрсизланишига қарамай, сўмнинг қиймати АҚШ долларига нисбатан барқарор бўлиб қолди. Бу, ўз навбатида, хорижий валютада ифодаланган активларнинг инфляцияга учраш хатарини чеклайди ва капитализация даражасининг барқарорлигини таъминлайди;

ЯИМнинг 52 фоизи қийматига тенг захиралар билан Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисодиёти ва банк тизимини қўллаб-қувватлаш учун катта салоҳиятга эгадир.

Шу билан бирга, агентлик томонидан қуйидаги салбий омиллар санаб ўтилди:

Коронавирус пандемияси туфайли ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодий фаолиятга салбий таъсир кўрсатади. Бундан биринчи навбатда кичик ва ўрта бизнес субъектлари, жисмоний шахслар, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари чакана савдоси, умумий овқатланиш корхоналари, транспорт ва туризм соҳасига оид бизнес субъектлари ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар зарар кўради;

банкларнинг миллий валютадаги омонатларини хорижий валютага конверсия қилиш натижасида омонатлар чиқиб кетишини олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ молиялаштириш харажатлари ошган сари Соф фоизли маржа (Net interest margins) камаяди. Бу, юқори захира тўловлари билан бирга, рентабелликни пасайишига олиб келади;

секторнинг ўртача ликвидлик коеффициенти 2020 йил 1 март ҳолатига жами активларнинг қарийб 16 фоизини ташкил қилди. Давлат банкларида кредитлашнинг ўсиши ҳисобига ликвидлик захиралари босим остида қолади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.