Таниқли турк бизнесмени ўзбекистонлик энагани темир чивиқ билан дўппослади
Таниқли турк бизнесмени 5 ёшли қизчасининг энагасини урган. Энага қисқа муддатга “йўқолиб қолганидан” кейин бизнесмен ўзини тутолмай қолган, деб ёзади Туркиянинг “Hürriyet” нашри.
Ўзбекистон фуқароси бўлган Дилноза Исматова Туркияда “Гурал Қурилиш” компаниясининг раиси, таниқли бизнесмен Нури Гуралнинг 5 ёшли қизчасига энагалик қилади. Маълум бўлишича, 3 август куни Исматова қизча билан уйдан чиққан ва уяли алоқа телефонида маблағ етарли бўлмагани сабабли бу ҳақда оила отасига хабар беролмаган.
Исматова ва қизча уйга қайтганида эса (улар жуда қисқа вақт уйда бўлмаган), Гурал аёлга мушти билан ташланган ва уни урган, бунда у темир чивиқдан фойдаланган.
«Уйга келиб, унинг йўқлигини кўрганимда, қизимни ўғирлашибди, деб ўйлабман. Исматова қизим билан уйга қайтганида эса ўзимни тутолмай қолдим», – дейди Гурал.
Касалхонада олинган фотосуратлар Исматова ҳақиқатан ҳам жиддий дўппосланганини кўрсатмоқда. Ҳозир тергов ишлари олиб бориляпти, чунки иккала томон ҳам бир-бирига қарши даъво аризасини берган.
Шарҳлар