QIWI пул ўтказиш тизими Россиядан Ўзбекистонга пулларни бепул ўтказишни бошлади
Шу йилнинг 4 августидан 15 сентябрга қадар QIWI Халқаро пул ўтказиш тизими Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида пулларни фоизсиз ўтказиб беради. “Ушбу акция “ЮНИСТРИМ”, “CONTACT”, “Анелик”, Western Union пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорликда ташкил этилди”, – деб ёзади newsdesk.pcmag.ru.
МДҲ давлатлари фуқаролари юқорида кўрсатилган кунларда ўз маблағларини исталган пайтда ва исталган миқдорда QIWI тўлов терминаллари орқали бепул ўтказиш имконига эга.
«Пул ўтказмалари – QIWI воситалари ёрдамида амалга ошириладиган энг катта талабга эга хизмат турларидан биридир. “Юнистрим” ва “Contact” ёрдамида амалга ошириладиган пул ўтказмалари учун комиссияни икки ойга бекор қилиб, янги мижозларни жалб этишни мўлжаллаяпмиз. Бу билан улар QIWI ёрдамида ўтказмаларни амалга ошириш қулай ва тез эканини билиб олишади», — дея изоҳ беради QIWI компаниясининг бошқарувчи директори Анна Стоклицкая.
Масалан, агар терминалга рублда пул ўтказилса, банк уларни ўз курси бўйича конвертация қилади ва олувчига пул АҚШ долларида берилади. Ҳозирги курс: 1 доллар = 36 рубл. Ўзбекистонда бу пулларни “ЮНИСТРИМ”, “CONTACT”, “Анелик”, Western Union тизимлари орқали исталган пул ўтказиш пунктида олиш мумкин.
Пул ўтказмасини амалга ошириш учун QIWI терминалидаги “Пул ўтказмалари” бўлимида маълумотларни тўлдириш ва ўтказиладиган пул миқдорини киритиш зарур. 15 дақиқадан кейин адресат пулларни олиши мумкин бўлади.
Қайд этиб ўтамиз, 2014 йилнинг 1-чорагида Россиядан Ўзбекистонга 910 млн доллар маблағ жўнатилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 11,73 фоизга кам.
Шарҳлар