Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитойга ташриф буюради
Келаси ҳафтада Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитойга ташриф буюради. Бу ҳақда сешанба куни ХХР ТИВнинг вакили Цин Ган маълум қилди.
Пекинда бўлиб ўтган брифингда Цин Ган 2014 йилнинг 19-20 август кунлари ХХР раиси Си Цзинпиннинг таклифига кўра Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов давлат ташрифи билан Хитойда бўлади.
ТИВнинг вакили бўлғуси ташрифнинг бошқа тафсилотларини ошкор этмади, деб ёзади UzDaily нашри.
Эслатиб ўтамиз, ХХР раиси Си Цзинпин ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлган эди.
Шу ўринда, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири эканини қайд этиш лозим. Сўнгги 6 йил ичида мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми деярли 6 бараварга ошди ва 2013 йил якунлари бўйича 5,2 млрд АҚШ долларини ташкил этди.
2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса Ўзбекистон ва Хитой орасидаги товар айланмаси 2,163 млрд доллардан зиёд маблағни ташкил этди.
Фотосурат: Uzdaily.uz
Шарҳлар