Эрон Ўзбекистонга йилига 1 млн тоннагача нефть етказиб беришни таклиф этмоқда
Эрон Ўзбекистонга янги транспорт коммуникацияларидан фойдаланган ҳолда йилига 1 млн тоннагача ҳажмда ўз нефтини етказиб беришни таклиф этади, дейди журналистларга Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Али Мардоний Фард. Бу ҳақда “Новый век” нашри ёзади.
«Тегишли трнаспорт инфратузилмаси мавжуд бўлса, биз Ўзбекистоннинг нефтни қайта ишлаш саноати учун 1 млн тоннагача нефть етказиб беришимиз мумкин», — дея қайд этади дипломат.
Август ойи бошида Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Уммон ташқи ишлар вазирлари “Марказий Осиё – Форс кўрфази” транспорт коридорини яратиш бўйича келишув кучга кириши юзасидан ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди. Мазкур коридорни яратиш ҳақидаги келишув эса Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Уммон ва Қатар ҳукуматлари томонидан 2011 йил апрелида имзоланган. 2013 йили Қатар томони лойиҳадан чиқишга қарор қилган.
Қайд этиб ўтамиз, транспорт-транзит коридорининг бир қисми Ўзбекистон, Туркманистон ва Эронни боғлаб турувчи темир йўл бўйлаб ўтса, қолган қисми эса денгиз орқали Эроннинг Бендер Аббос ва Чахбаҳор портларидан Уммон портларигача ўтади.
Ушбу транспорт коридори лойиҳа иштирокчилари бўлган мамлакатларнинг иқтисодий ривожига, янги иш ўринлари яратилишига, ижтимоий ва саноат инфратузилмасининг барпо этилишига янги кучли туртки бўлиши ҳамда йирик ташқи инвестицияларни жалб этиши кутилмоқда.
Шарҳлар