Ўзбекистонда аэродромларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 августдаги 223-сонли қарори билан Аэродромларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур Низом сертификатланган фуқаролик, экспериментал ва давлат авиацияси аэродромларига ҳамда биргаликда фойдаланиладиган (база жойлашган) аэродромларни қамраб олади, деб ёзади “Норма” нашри.
Ҳужжатга мувофиқ аэродромларни қуйидаги сабабларга кўра тугатиш мумкин:
– аэродромдаги асосий элементларининг табиий эскириши ёки табиий офатлар натижасида емирилиши ва фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиши;
– давлат миллий хавфсизлиги мақсадларида;
– аэродромдан фойдаланувчида бўлган ер участкасини ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш муносабати билан;
– бош режага мувофиқ шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг ривожланиши муносабати билан;
– атроф-муҳитга, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиши муносабати билан.
Шунингдек, тугатиш ишлари қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Тугатиш ишлари:
– Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар жисмоний ва юридик шахсларининг аэродромга нисбатан ҳуқуқлари ёки манфаатларини бузмаса;
– жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва саломатлигига, атроф-муҳитга таҳдид туғдирмаса;
– давлатнинг миллий хавфсизлиги манфаатларини ва парвозлар хавфсизлигини бузмаган тақдирда амалга оширилади.
Аэродромларни тугатиш тўғрисидаги қарор аэродромдан фойдаланувчи томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда қабул қилинади.
Аэродром тугатилганидан кейин аэродром фойдаланувчиси томонидан ер участкаси белгиланган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилади.
Шарҳлар