Тошкент метросида тутун чиқиши натижасида йўловчилар эвакуация қилинди
19 август куни соат 15:00 атрофида Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишида фавқулодда ҳодиса содир бўлди, деб ёзади Transport-centre.
Поезд “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари орасида тутун туфайли тўхтаб қолди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, поезд машинисти тутунни кўрган ва таркибни тўхтатган. Метрополитен ва милиция ходимлари йўловчиларни эвакуация қилган. Одамлар пиёда рельслар орқали яқин атрофдаги чиқиш жойига йўл олган.
Ҳозирча тутун чиқишига нима сабабчи бўлгани номаълум. Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган.
Ҳозирча расмий идоралар ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.
Шунингдек, гувоҳларнинг сўзларига кўра, 19 август куни кечқурун соат 19.00 да Чилонзор йўналишидаги йўловчилар поездни 30 дақиқа кутгани маълум бўлди.
Шарҳлар