Аграр университети яқинида пиёдани машинада милиция подполковниги уриб кетгани маълум бўлди

Аграр университети яқинида пиёдани машинада милиция подполковниги уриб кетгани маълум бўлди

Тошкентдаги Аграр университети яқинида 18 август, душанба куни содир бўлган ЙТҲ юзасидан қўшимча тафсилотлар маълум бўлди. Бу ҳақда 12news.uz хабар беради, деб ёзади Kun.uz.

Хабар беришларича, 18 август, душанба куни соат 23:20 атрофида Юнусобод туманининг «бетонка» деб аталадиган қисмида ЙТҲ содир бўлган.

Унга кўра, автомобилни маст ҳолатда бошқарган Тошкент шаҳар ИИББ транспорт бўлими бошлиғи Раҳматулла Сатторов пиёдани босиб кетган.

ИИВ вакилининг «Новый век» газетасига маълум қилишича, автомобилда Сатторов билан бирга унинг куёви ҳам бўлган, у куёвидан айбни ўз бўйнига олишни сўраган, бироқ куёв рад этган.

Сатторов ЙТҲни содир этганидан сўнг, жабрланувчига ёрдам кўрсатмай, воқеа жойидан қочиб кетган. Жабрланувчи пиёда эса бир неча соатдан сўнг олган жароҳатлари оқибатида Тошкент клиникаларидан бирида вафот этган.

«Сатторов ҳодисадан бир неча соат ўтганидан кейин Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кучлари томонидан топилган ва қўлга олинган. ИИВ ўз «ҳамкасби»ни яшириш бўйича ҳеч қандай ҳаракат қилмаган, гумондорни қўлга олган ва бундан кейин ўз сафидаги айбдорларни ҳимоя қилиш нияти йўқ», – дейилади газета хабарида.

Бундан олдин, 19 август куни Тошкент шаҳар ЙҲХБ навбатчиси 18 август соат 23:00 лар атрофида ҳақиқатан ҳам Аграр университети тарафда пиёданинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ содир бўлганини, ЙТҲни содир этган машина ичида икки киши бўлганини тасдиқлаган, бироқ уларнинг ИИВ органларига алоқадорлигини рад этганди.

Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича 20 август, чоршанба куни Тошкент ЙҲХБ билан боғланганида, бошқарманинг бугунги навбатчиси ушбу иш бўйича маълумот бера олмаслигини, ОАВ тарғибот бўлимидан маълумот олиши мумкинлигини маълум қилди. Навбатчи томонидан берилган рақам орқали айтилган тарғибот бўлими билан боғланиб бўлмади, шунингдек, ИИВ сайтида кўрсатилган рақамлар бўйича ҳеч ким жавоб бермади, деб ёзади Kun.uz.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.