Ўзбекистоннинг энг таниқли курашчиси FILA Шуҳрат залидан ўрин олади
Осетия кураш мактабининг иккита энг ёрқин вакили Халқаро кураш федерацияси – FILA Шуҳрат залидан ўрин олади.
Булар 2013 йил декабрида фожиали тарзда ҳалок бўлган Олимпия ўйинларининг икки карра совриндори, тўрт карра жаҳон чемпиони Бесик Кудухов (Россия) ва бутун спорт тарихи давомида эркин кураш бўйича энг кўп унвонга сазовор бўлган, уч карра Олимпиада ўйинлари чемпиони, Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби Артур Таймазов (Ўзбекистон).
Ушбу тадбирга бағишланган тантанали маросим 8-14 сентябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати арафасида ўтказилади, дея хабар беради Россия Спорт кураши федерациясининг расмий сайти.
Ҳозирга қадар FILA Шуҳрат залидан уч нафар осетин курашчиси ўрин олган – булар икки карра Олимпия ўйинлари чемпионлари Сослан Андиев, Махарбек Хадарцев ва Арсен Фадзаев.
Маълумот учун: Артур Таймазов – келиб чиқиши осетиялик, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келган спортнинг эркин кураш тури бўйича вакили. Ўзбекистон тарихида олимпиада ўйинларида кураш бўйича қўлга киритилган 6 та олтин медалдан учтаси айнан Артур Таймазовга тегишли.
Шунингдек, эркин кураш бўйича икки карра олимпиада чемпиони, олти карра жаҳон чемпиони Арсен Фадзаев ҳам 1985 йили Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган.
Махарбек Хадарцев – икки карра олимпиада семпиони, беш карра жаҳон чемпиони, тўрт карра Европа чемпиони 2000 йили бўлиб ўтган Сидней Олимпиадасида Ўзбекистон байроғи остида чиққан эди.
Шарҳлар