Олий Мажлис Сенатининг дастлабки иш кунида қатор қонунлар ҳамда Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботлари кўриб чиқилди
2014 йил 28 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси очилди.
Сенатнинг биринчи иш куни Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошланди.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий майдон яратишга, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширишга, катта ижтимоий аҳамиятга молик ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнида аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1572-сонли қарорини рўёбга чиқариш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарорини ижро этиш доирасида ишлаб чиқилган «Тижорат сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Сенаторлар таъкидлаганларидек, қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий манфаатлар соҳасидаги тижорат сири режимини ўрнатиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилади ва у бир қатор янгиликларни ўз ичига олади.
Қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши хўжалик юритувчи субъектлар самарали иш олиб бориши учун қулай шароит яратиш имконини беради, шунингдек, ахборот технологияларини, ишлаб чиқариш янгиликларини, ноу-хаулар ва инновацияларни янада ривожлантиришга рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади, бу эса пировардида иқтисодиётнинг янада ўсишига ва республикамизнинг равнақ топишига олиб келади. Сенаторлар қонунни маъқуллади.
«Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг муҳокамаси жараёнида сенаторлар қонун биржа фаолияти ва биржалар иши масалаларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётидан фойдаланиш учун шарт-шароит, шунингдек, мамлакатимиз биржа бозорининг жаҳон биржа бозорига интеграциялашуви учун механизмлар яратишини алоҳида кўрсатиб ўтдилар. Умуман, қонун хўжалик юритувчи субъектлар товар-хомашё ва молия биржаларида кенг иштирок этишини таъминлашга, молия секторини ривожлантиришга, бозор инфратузилмасининг сифатини оширишга, макроиқтисодий ўсиш суръатларини яхшилашга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Мазкур қонун билан бир қатор қонунларга: «Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунларга, Божхона кодексига, Жиноят-процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, бир қатор бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришга, Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларини кенгайтиришга, мустақиллигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ушбу қонун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулайроқ шароитлар яратиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим омили бўлади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган тузатишлар катта аҳамиятга эга. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу куни сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурор назоратининг ҳолати ва уни янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.
Ҳисобот даврида прокуратура органларининг алоҳида эътибори фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилди.
Маърузада таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишларга қарамай, мансабдор шахслар фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини инкор этиши ҳоллари мавжуд. Чунончи, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги камчиликлар Қишлоқ ва сув хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда бошқа давлат органлари фаолиятида аниқланган.
Сенаторлар прокуратура органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсияларни билдирди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам тинглади.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан сенаторлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди, дея қайд этади ЎзА.
Фотосурат: http://fotki.yandex.ru/users/mir-tash/
Шарҳлар