Ўзбекистон IRENA ташкилотига аъзо бўлмоқда

Ўзбекистон IRENA ташкилотига аъзо бўлмоқда

Ўзбекистон Халқаро қайта тикланадиган энергия агентлигига (The International Renewable Energy Agency, IRENA) аъзо бўлиш жараёнида, дея хабар беради 12news.uz.

Мамлакатнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши “қайта тикланадиган энергия манбаларини қўллаш ва жорий этишнинг мавжуд амалиётидан, энг сўнгги тадқиқотлар натижаларидан кенг фойдаланиш, шунингдек бу борадаги халқаро стандартларни ишлаб чиқишда қатнашиш ва жаҳон бўйлаб тикланадиган энергияни ривожлантиришга таъсир кўрсатиш имконини беради”.

Айни пайтда 132 та мамлакатни ўз ичига олган IRENA 2009 йили қайта тикланадиган энергия манбаларининг барча шаклларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган эди.

IRENA маълумотларига кўра, ҳозир Ўзбекистондан ташқари яна 36 та мамлакат – Афғонистон, Австрия, Барбадос, Камбоджа, Марказий Африка Республикаси, Чад, Чили, Колумбия, Комора, Конго,  Коста Рика, Конго Демократик Республикаси, Габон, Гватемала, Гвинея, Гвинея-Бисау, Гондурас, Индонезия, Ирландия, Иордания, Қирғизистон, Ливан, Либерия, Ливия, Мадагаскар, Марокаш, Малави, Непал, Папуа Янги Гвинея, Парагвай, Сент-Люсия, Сан Томе ва Принсипи, Сурия, Тимор-Леште, Танзания, Зимбабве каби давлатлар ташкилотга қўшилиш жараёнида турибди.

Қайд этиб ўтамиз, йил охиригача Ўзбекистон парламенти “Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, янги ҳужжат муқобил энергетикани жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга асос бўлиб хизмат қилади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.