Ўзбекистон Президенти пойтахтдаги янги кўприк ва йўллар қурилиши билан танишди
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Давлат раҳбари Шайхонтоҳур туманининг Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада бунёд этилган янги замонавий кўприкни бориб кўрди. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳузуридаги “13-кўприкқурилиш” трести бунёдкорлари томонидан барпо этилган ушбу транспорт боғламаси автомобилларнинг ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратади.
Кўприкнинг узунлиги 642, эни 19 метр.
Давлат раҳбари бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, улар юксак маҳорат, чуқур билим, юқори технологиялар асосида амалга оширилганини алоҳида қайд этди.
Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган жойда транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирар эди. Янги бунёд этилган кўприк бу муаммоларга барҳам бериш билан бирга, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлигини ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида Абдулла Қодирий кўчасига туташ кўчалар кенгайтирилди, собиқ “Динамо” спорт дўкони ўрнида замонавий савдо мажмуалари қад ростлади. Шаҳар ландшафтининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланган Анҳор каналига туташ кўчалар, майдон ва хиёбонларда яшил ҳудудлар кенгайтирилди.
Президент мазкур ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, ушбу кўприкда йилнинг тўрт фаслида ҳам транспорт воситаларининг бемалол ҳаракатланиши учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини янада такомиллаштириш, замонавий ландшафт дизайни асосида ободонлаштирилган ҳудудларни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Юртбошимиз Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари кесишадиган майдонда бўлиб, бу ерда бунёд этиладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.
Ушбу чорраҳада саккиз қаторли иккита йўл кесишган. Атрофда банк биноси, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи, савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар жойлашган. Шу боис бу ер ҳамиша гавжум, кўчалар серқатнов бўлади.
Ўтган асрнинг 70-йилларида бу майдонда табиий омиллар ҳисобга олинмай, пала-партиш экиб ташланган дарахтлар бугунги кунда аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда. Йўлнинг ўртасидаги бу майдондан бугун мақсадли фойдаланилмаётгани, ўртадаги майдоннинг кенглиги сабабли бинолар йўлга жуда яқин жойлашганлиги транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатланишига халақит бераётир.
Бу ерда қуриладиган янги йўл ўтказгич тирбандликнинг олдини олиб, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имкониятлар яратади.
Юртбошимиз Абдулла Қодирий кўчасини кенгайтириб, саккиз тасмали йўлга айлантириш, мазкур ҳудуддаги кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолининг дам олиши учун имконият яратиш, мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида фавворалар бунёд этиш кераклигини таъкидлади.
Кўприклар, йўллар ва бошқа иншоотларни қуришда нафақат бугунги кунни, балки келажак авлодлар манфаатларини ҳам инобатга олган ҳолда иш тутиш зарур, деди Ислом Каримов.
Давлат раҳбари Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қурилган янги йўлни бориб кўрди.
5,1 километрлик бу йўл Олмазор туманидаги Беруний кўчасидан бошланиб, Шайхонтоҳур туманидаги Хуршид кўчасига қадар давом этади. Форобий, Сағбон, Қорасарой, Себзор ва Лабзак каби катта кўчаларни ўзаро боғлайди.
Илгари Тошкентнинг барча қисмида, хусусан, Эски шаҳарда уйлар, бозорлар пала-партиш қуриб ташланган. Оқибатда тор, эгри-бугри кўчалар ҳосил бўлган. Бу транспорт ҳаракатини қийинлаштириб, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлган.
Давлатимиз раҳбари ғояси ва лойиҳаси асосида қурилган мазкур янги йўл бундай ноқулайликларни бартараф этади. Ҳар бир томони 4 тасмали кенг ва равон бу кўча ҳудудда транспорт ҳаракатини енгиллаштиради.
Президент бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, йўлсоз ва қурувчиларнинг меҳнатига юқори баҳо берди.
– Эски шаҳар аҳолиси асрлар давомида шундай қийин шароитларда яшаб келган, бу муаммони ҳеч ким ўйламаган, – деди Ислом Каримов. – Бу масалани атрофлича ўрганиб, Эски шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, бу ерда янги йўллар, кўприклар, замонавий уйлар, коммуникациялар барпо этилади. Бу ишларимизнинг дастлабки самарасини халқимиз кўриб турибди. Ушбу янги йўл аҳоли учун катта қулайлик яратиш билан бирга, Эски шаҳарни ҳамма ҳавас қиладиган замонавий шаҳарга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очади.
Йўл билан параллел равишда барча коммуникациялар ва муҳандислик инфратузилмаси бунёд этилган. Келгусида йўл атрофида замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган. Президентимизнинг тавсиясига мувофиқ, кўп қаватли уйлар қурилишида шамол йўналиши, қуёш нурининг қандай тушишигача ҳисобга олинган. Лойиҳага кўра, турар жойлар уч ва беш қаватли бўлади. Чорраҳаларда фаввора ва гулзорлар, Калковуз ариғи бўйида сайилгоҳ барпо этилади.
Президентимиз пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида истиқомат қиладиган аҳолининг эмин-эркин яшаши, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитларни яратиш, йўл четларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Фотосуратлар: © ЎзА.
Шарҳлар