Тошкентда Болалар шахмат мактаби ва Давлат бошқаруви академиясининг янги бинолари фойдаланишга топширилди

Тошкентда Болалар шахмат мактаби ва Давлат бошқаруви академиясининг янги бинолари фойдаланишга топширилди

29 август куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари доирасида билан янги барпо Шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг янги биносини бориб кўрди.

Шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлар дарсдан бўш вақтларида шахмат сабоқларини ўрганиши, ўз маҳоратини ошириши мумкин. Мазкур иншоот ўқув-машғулот хоналари, спорт зали, ошхона каби бўлимларни ўз ичига олган. Ўқув-машғулот хоналаридаги электрон шахмат тахталари халқаро андозаларга мос. Мактабда ўқувчилар учун махсус дам олиш хонаси мавжуд, дея қайд этади ЎзА. 

Бу ерда шахматчиларнинг ўйин амалиётидаги тажриба-маҳоратини ошириш учун шахмат заллари барпо этилган. Ушбу залларда бир вақтнинг ўзида қарийб юз нафар шахматчи ўзаро баҳслашиши мумкин. 

Мазкур мактабга болалар танлов асосида саралаб олинади. Уларга тажрибали, профессионал мураббийлар сабоқ беради. 

Интернетга эга компьютерлар билан жиҳозланган хонада ўқувчилар чет эллик ёш шахматчилар билан он-лайн тизимда шахмат бўйича беллашиш ва ўз тажрибасини янада ошириш имконига эга. 

Ўзбекистон Президенти мактабда сабоқ оладиган ўғил-қизларнинг шахмат бўйича маҳоратини ошириш, уларнинг эркин ижод қилиши учун янада қулай шароит яратиш борасида зарур тавсиялар билдирди. Ушбу бино ёнида халқаро миқёсдаги йирик мусобақалар ўтказишга мўлжалланган, миллий руҳ акс этган янги иншоот барпо этиш лозимлигини қайд этди. 

Шундан сўнг Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг янги биносини бориб кўрди.

Президент ташаббуси билан Давлат бошқаруви академияси биноси замонавий меъморлик ва технологик талабларга мувофиқ тўлиқ реконструкция қилинди. 

Академияда “Маънавият ва маърифат” ҳамда Ахборот-ресурс марказлари ташкил қилинган. Ушбу марказлар барча зарур замонавий ускуналар, ахборот-коммуникация, телекоммуникация воситалари ва технологиялари билан жиҳозланган, давлат ва жамият бошқаруви масалаларига бағишланган ўқув, илмий ва методик адабиётлар билан тўлдирилган. 

Ахборот-ресурс марказида академия ходимлари, тингловчилари ва барча фойдаланувчиларнинг мустақил таълим олиши учун зарур шароит ва имконият яратилган. Марказ фондида ўзбек, рус, инглиз тилларидаги адабиётлар, матбаа нашрлари ва уларнинг электрон шакллари мавжуд. Ахборот-ресурс маркази залида Wi-Fi тармоғидан мунтазам равишда фойдаланиш мумкин. Бу ерда хориждаги кутубхоналар электрон ресурсларидан тўғридан-тўғри фойдаланиш имконияти яратилган. 

Ислом Каримов академия биноси, у ердаги конференция заллари, Ахборот-ресурс марказида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бу ердаги илмий, амалий ва ташкилий муҳитни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берди. 

– Мазкур академия нафақат илм оладиган жой, балки тажриба ва ҳаёт билан боғлиқ таълим даргоҳидир, – деди Президент. – Бу академияни битирган ҳар қандай киши давлат бошқарувига лойиқ бўлиши лозим. Бунинг учун халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борада ривожланган мамлакатлар давлат бошқаруви тизимини ўрганиш, тажриба алмашиш керак.

Мазкур мажмуада учта конференция ва катта кўргазма зали, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказишга мўлжалланган ўнта зал, спорт майдони мавжуд. Улар барча зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланган. 

Академиянинг ўқув биноси ва ётоқхонаси қулай мебель, ўқув қуроллари, компьютерлар билан жиҳозланган. Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилган. 

Фотосуратлар: © ЎзА.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.