II Ўсмирлар Олимпиадаси ғолибларига Президент совғалари топширилди
30 август куни пойтахтдаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган ёш спортчиларга Президент совғалари топширилди.
Қарийб икки ҳафта давомида 28 нафар спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда муносиб қатнашиб, умумий ҳисобда 4 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритди.
Хусусан, Нанкин Олимпиадасида ёш боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев, юнон-рум кураши устаси Илҳом Баҳромов, дзюдочи Суҳроб Турсунов ва ўқ отиш баҳсларида қатнашган Владимир Свечников Олимпиаданинг олтин медалига сазовор бўлди.
Шунингдек спортчиларимиздан Умида Абдуллаева, Сулаймон Латипов, Фарҳодбек Собиров кумуш, Адҳамжон Эргашев, Суҳроб Турсунов ва Темур Қодиров бронза медални қўлга киритди.
Тадбирда ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ҳамда иштирокчилари Президент Ислом Каримов совғаси – энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан тақдирланди, дея қайд этади ЎзА.
Фотосурат: © ЎзА.
Шарҳлар