БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда ўтказилади

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда ўтказилади

Ушбу анжуман Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августдаги фармойишига мувофиқ ташкил этилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Унда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Африка қитъаларидан кўплаб олимлар, нуфузли халқаро сайёҳлик ташкилотлари раҳбар ва вакиллари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилотига (ЮНВТО) 1993 йилда аъзо бўлган. Самарқандда мазкур ташкилотнинг Буюк ипак йўлида сайёҳликни ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича минтақавий офиси фаолият юритмоқда.

ЮНВТОнинг 2011 йил октябрь ойида Жанубий Кореяда ўтган Бош ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси иккинчи марта БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши аъзоси этиб сайланди. Бу мақомга дунёнинг кам сонли давлатлари сазовор бўлган.

Мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзолиги доирасида ва халқаро майдонда тарихий-маданий меросимизни оммалаштириш, шунингдек, туризм индустриясини ривожлантириш мақсадида 2014 йилнинг октябрь ойида Самарқандда ЮНВТО Ижроия кенгашининг 99-сессиясини ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди.

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг интернет тармоғидаги www.unwto.org манзилида мазкур халқаро анжуман ҳақида махсус саҳифа очилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.