Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кибержиноятчиликка қарши ҳамкорликдаги дастур доирасида курашади
Бугун МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари кенгаши Қирғизистондаги ўтказилаётган йиғилиш жараёнида Россия ИИВга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни топширди, дея хабар беради “РИА Новости”.
Кенгашнинг барча иштирокчилари, шу жумладан Ўзбекистон делегацияси вакиллари томонидан қабул қилинган топшириққа биноан РФ ички ишлар вазирлиги МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ ташкил этади. Гуруҳ кибержиноятчиликка қарши кураш бўйича МДҲ мамлакатларининг ҳамкорлик дастури лойиҳасини ишлаш билан шуғулланади. Ҳужжат лойиҳаси МДҲ мамлакатлари ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.
Йиғилиш давомида РФ ички ишлар вазири Владимир Колокольцев ахборот соҳасидаги хавфсизликни таъминлаш кибержиноятчиликка қарши курашишнинг янги механизмларини доимий тарзда излашни талаб этишини таъкидлади.
Шунингдек у ишчи гуруҳ таркибига ҳамдўстлик ички ишлар вазирликларининг экспертлари киришини қайд этди.
Қайд этиб ўтамиз, МДҲга аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирларининг кенгаши йиғилиши ҳозир Қирғизистоннинг Чолпан-Ата шаҳрида ўтмоқда. Унда Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ИИВ делегациялари қатнашяпти.
Шарҳлар