Сурхондарёдаги машқларда террорчиларнинг ҳужуми “қайтарилди”
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон махсус бўлинмалари томонидан қўшни Афғонистон ҳудудидан амалга оширилган террорчиларнинг эҳтимолий ҳужумини қайтариш бўйича машғулотлар ўтказилди, дея хабар беради “РИА Новости”.
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш, хавфсизлик хизмати органлари ва мудофаа вазирлиги кучлари мамлакат жанубидаги муҳим объектларни қўриқлаш ва уларнинг мудофааси масалаларини амалда ишлаб чиқди. Хусусан, Амударё орқали катерларда чегарадан ўтишга уринган “террорчилар”нинг йўлини тўсиш ва уларни йўқ қилиш бўйича ўқув-ҳарбий машғулотлар ўтказилди.
Ушбу машғулотлар давомида ҳарбийлар Термиз-Ҳайратон кўприги (Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи) орқали чегарадан ўтиш жойидаги ёнғин ўчоқларини бартараф этиш ҳамда қўшни мамлакат фуқаролари томонидан ташкил этилган оммавий тартибсизликларни қайтариш бўйича ҳаракатлар устида ишланди. Машқларда МХХ бўлинмаларидан ташқари мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг вакиллари ҳам қатнашди.
Шарҳлар