Мадумаров, Авакьян ва Содиқов давлатга 102 миллиард сўмлик зарар етказгани маълум бўлди
Ўзбекистон Бош прокуратураси Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Г.Авакьян ва бошқалар томонидан тузилган уюшган жиноий груҳ аъзоларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича пресс-релизни чоп этди.
Унда маълум қилинишча, “жиноий гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарлик Н.Содиқов ва Р.Мадумаровлар томнидан амалга ошириб келинган. Уюшган гуруҳ аъзолари 2011-2013 йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти ниқоби остида шантаж ва товламачилик йўли билан, шунингдек ҳужжатларни сохталаштириш орқали тизимли равишда хўжалик соҳасидаги жиноятларни содир этиш билан шуғулланиб, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Жумладан, жиноий гуруҳ томонидан давлат активларини сунъий пасайтирилган нархларда қўлга киритиш ва бошқа усуллар билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг 5,5 миллиард сўмлик, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd» МЧЖ ҚК нинг 11,9 миллиард сўмлик, «Фарғона НҚИЗ» УШКнинг 40,1 миллиард сўмлик, шунингдек, бошқа корхона ва ташкилотларнинг 102 миллиард сўмлик активлари талон-торож қилинган ва ўзлаштирилган.
2014 йил 24 майда суд томонидан Р. Мадумаров, Г. Авакьян ва бошқаларга нисбатан жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилиб, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а, в» бандлари ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга қонун доирасида жазо тайинланган.
Бугунги кунда, уюшган гуруҳ аъзоларининг асосий қисмига нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилиб, улар бўйича суд қарорлари чиқарилиши таъминланган.
Уюшган гуруҳнинг қидирувда бўлган ҳамда ҳозирда етарли материаллар тўпланмаган айрим аъзоларига нисбатан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувга ажратилган. Хусусан, Г. Каримова ва жиноий гуруҳ аъзолари А. Гафурова, А. Курбанов, Б. Сулейманов, Ш. Камилджанов, Р. Мустафаевлар ҳақида сўз юритилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давомида етказилган иқтисодий зарарни тўлиқ қопланиши юзасидан чоралар кўрилмоқда. Ҳозирги вақтда жиноий гуруҳ аъзоларининг Ўзбекистондаги 457 миллиард сўмлик мулклари давлат даромадига ўтказилди. Тергов натижаларига кўра, уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига нисбатан жазо муқаррарлиги принципининг қатъий қўлланилиши таъминланади”, дейилади пресс-релизда.
Шарҳлар