Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда 240 та ёнғин қайд этилди
Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 2 нафар фуқаро тан жароҳати олган, яна 3 нафари эса ҳалок бўлган, дея хабар беради ИИВнинг матбуот хизмати.
Ушбу ёнғинларда 893 млн. 820 минг 849 сўм миқдорида қурилиш материаллари ва 800 млн. 783 минг 24 сўм миқдорида моддий бойликлар сақлаб қолинган.
Хусусан, Самарқанд шаҳрининг Тошкент кўчасида яшовчи фуқаро Юлдашевнинг уйида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлган. Ёнғин 50 м кв майдондаги уй жиҳозлари ва қурилиш қисмларига зарар етказган.
Тошкент шаҳрининг Кичик халқа йўли ва Фарҳод кўчалари чорраҳасида ҳаракатланиб келаётган ВАЗ 2106 русумли автомобилнинг мотор қисми ёниб зарарланган. Автомобилнинг электр симларидаги носозлик ўз вақтида таъмирланмаслиги оқибатида қисқа туташув содир бўлиб, ёнғин чиқишига олиб келган.
Тошкент вилояти Паркент туманидаги хонадонларнинг бирида болаларнинг гугурт ўйнаши натижасида ёнғин содир бўлган. Уй эгасининг набираси бостирма тагига ғамлаб қўйилган ҳашакни гугурт билан ёқиб юбориши оқибатида 25 м кв майдондаги бостирма биноси ёниб зарарланган.
Шарҳлар