Навоийда янги чет эл корхонаси пайдо бўлди
Навоий шаҳрида “Navbahor tekstil” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги чет эл корхонаси иш бошлади. Ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона маҳсулотларининг асосий қисми экспорт қилинади, деб ёзади ЎзА.
«Йилига 5 минг 400 тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга корхонада 200 нафар аҳоли иш билан таъминланди», – дейди корхона директори Шерзод Жумаев. Унинг сўзларига кўра, жорий йилда тайёрланадиган 1 миллиард 300 миллион сўмлик ип-калаванинг 80 фоизини экспортга чиқариш режалаштирилган.
Навоий вилоятида йилига 100-110 минг тонна пахта хомашёси етиштирилади. 2013 йилда бу ерда 18 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги ип-калава ишлаб чиқарилиб, экспорт қилинди.
Айни кунларда вилоятда йиллик 18 минг 300 тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Бу қарийб 55 минг тонна пахта вилоятнинг ўзида қайта ишланади, демакдир.
Шарҳлар