Террорчилар томонидан ядровий моддаларнинг транзит йўл билан олиб ўтилиши Марказий Осиё учун хавфли
Марказий Осиё террорчилар томонидан ядровий моддалар ва оммавий қирғин қуролига алоқаси бўлган ускуналар транзити учун қўлланиши мумкин, деб ҳисоблайди МДҲ Аксилтеррорчилик марказининг раҳбари, полиция генерал-полковниги Андрей Новиков. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар беради.
«Шунингдек биз яна бир эҳтимолий хавфни ҳисобга оляпмиз – бу МДҲ давлатлари, хусусан Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ҳудудидан ядровий ва бошқа хавфли материалларнинг ҳамда оммавий қирғин қуролига алоқаси бўлган технологиялар ва ускуналар олиб ўтилиши учун фойдаланиш эҳтимолининг мавжудлигидир», — деди Новиков МДҲ хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг йиғилиши давомида.
Унинг сўзларига кўра, ушбу йўналишлар Афғонистондан Европага гиёҳванд моддалар олиб ўтилиши учун ҳам қўлланиши мумкин.
Бунга мисол сифатида Новиков “Ислом давлати” террорчилик ташкилотининг шу йил июнь ойида берган баёнотини келтирди. Унда айтилишича, мазкур ташкилот ядровий қуролдан фойдаланиш ниятида.
«Эслатиб ўтамиз, ушбу ташкилот жангарилари Ироқнинг Мосул шаҳрини қўлга олиб, бу ердаги маҳаллий университетдан бир неча ўн килограмм ядровий моддаларни қўлга туширган. Шунингдек улар қарийб бир миллиард АҚШ доллари миқдоридаги активларни ҳам қўлга киритган», – дейди генерал.
Бундан олдин Ироқ ҳукумати жангарилар томонидан ядровий материаллар ўғирлангани ҳақида БМТга хабар берганди. Ироқнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад Али Ал-Ҳакимнинг БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга юборган хатида айтилишича, Мосул шаҳри университети ҳудудида сақланаётган 40 кг га яқин уран бирикмалари экстремистларнинг қўлига тушган. Сал кейинроқ МАГАТЭ вакиллари ўғирланган уран тахминан кам бойитилганини ва катта хавф туғдирмаслигини билдирди.
Шарҳлар