Алина Кабаева Россиядаги йирик “Миллий Медиа Гуруҳ” раҳбарига айланади
Келиб чиқиши тошкентлик бўлган бадиий гимнастика бўйича Олимпиада чемпиони Алина Кабаева “Миллий Медиа Гуруҳ” директорлар кенгашини бошқаради, дея хабар беради ИТАР-ТАСС.
“Олти йил мобайнида “Миллий Медиа Гуруҳ” холдингининг жамоатчилик кенгашини бошқариб келган Алина Маратовна Кабаева холдинг директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаш таклифини қабул қилди», – деб ёзади Кабаеванинг вакили берган хабарга таянган ҳолда «ИТАР-ТАСС”.
Сал олдинроқ Кабаева ўз хоҳишига биноан Давлат думаси депутатлигидан кетиши ҳақида ариза ёзгани маълум бўлганди. “Депутат ариза ёзди, биз уни қондирдик”, – дейди Давлат думасининг регламент бўйича қўмитаси раҳбари Сергей Попов.
Давлат думаси ушбу масалани 16 сентябрь куни бўлиб ўтадиган кузги сессиянинг биринчи йиғилишида кўриб чиқади.
Қайд этиб ўтамиз, 2011 йилги сайловларда Алина Кабаева “Единая Россия” федерал рўйхатининг Татарстон Республикаси ҳудудий гуруҳи бўйича парламентга сайланган эди.
Миллий Медиа Гуруҳ (ММГ) – Россиядаги энг йирик хусусий медиахолдинглардан бири бўлиб, унинг таркибига “Петербург-Пятый канал” телерадиокомпанияси, “Первый канал”, “РЕН ТВ”, “Известия” газетаси ва “Русская Служба Новостей” радиостанцияси киради. Шунингдек ММГ “Metro-Петербург” газетасини ҳам назорат қилади.
Шарҳлар