Ўзбекистонда “Болалар китоби” республика фестивали ўтказилади
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказларида Соғлом бола йилига бағишлаб “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби” республика фестивали ўтказилмоқда.
18-19 сентябрь кунлари фестиваль Тошкент шаҳрининг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтади.
Тадбирнинг иккинчи кунида “Туркистон” саройида фестиваль якунига бағишланган “Китоб – маънавият сарчашмаси” шиори остида театрлашган шоу-дастур намойиш этилади.
Фестивалда мамлакатимизнинг етакчи нашриётлари томонидан нашр этилган болалар китоблари, жумладан, мумтоз адабиёт намуналари, энг сара адабий-бадиий асарлар, маънавий-маърифий, энциклопедик адабиётларнинг тақдимот маросимлари, чегирмали китоб савдоси, шунингдек, болалар адиб ва шоирлари, ноширлар билан ижодий учрашувлар бўлиб ўтади.
Фестиваль тадбирларига эркин кириш мумкин, дея хабар беради ЎзА.
Шарҳлар