ШҲТ Минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси кенгашидаги раислик Ўзбекистонга ўтди

ШҲТ Минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси кенгашидаги раислик Ўзбекистонга ўтди

2014 йил 19 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси (ШҲТ МАТТ) кенгашининг навбатдаги 25 мажлиси Тожикистон Республикаси раислигида бўлиб ўтди, дея хабар беради ШҲТ МАТТ.

Унда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг вакиллари қатнашди.

Мажлис давомида ШҲТ МАТТнинг Мўғилистон, Эрон ва Афғонистон билан ўзаро алоқаларини тартибга солувчи ҳужжатлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг халқаро террорчилик, айирмачилик ва экстремистик ташкилотлар томонидан қуролли низоларда қатнашган шахсларга нисбатан ҳамда трансчегаравий нефть ва газ ўтказиш қувурларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлари ҳам тасдиқланди.
 
Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид солаётган террорчилик, айирмачилик ва экстремистик ташкилотлари ва гуруҳларининг ноқонуний фаолиятига ҳамкорликда қаршилик кўрсатиш ишларини мувофиқлаштириш масалалари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари экспертларидан иборат гуруҳни ташкил этишга қарор қилинди.

ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари вакиллари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакилларидан иборат Қўшма ишчи гуруҳнинг 2015-2016 йилларда Интернет тармоғидан террорчилик, айирмачилик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишни аниқлаш, олдини олиш ва тўхтатиш бўйича Тадбирлар режаси ва Иш регламенти мувофиқлаштирилди.

Томонлар ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасини Террорчиликка қарши курашиш бўйича халқаро маълумотлар базасининг очиқ ахборот сегментига улаш тўғрисида келишиб олди.  

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ШҲТ МАТТ Кенгаши қарорларини амалга ошириш бўйича фаолияти маъқулланди. Ижроия қўмитанинг Иш режаси ва ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари чегара хизматлари экспертларининг 2015 йилга мўлжалланган Иш режаси тасдиқланди.  

Хитой томонининг Шинжон-Уйғур Автоном райони (ШУАР)да юзага келаётган вазият ҳақидаги террорчилик, айирмачилик ва экстремизмга қарши курашиш линияси бўйича маълумотларни тинглаш якунларига кўра, ҳамкорликни янада фаоллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.  

ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантиришга ва ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга шахсий ҳиссасини қўшгани учун ваколатли органлар ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг қатор ходимлари Кенгаш Фахрий Ёрлиғи билан тақдирланди.

ШҲТ МАТТ Кенгашидаги раислик Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига ўтди.

ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлисини 2015 йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.