Ёлғон хабар тарқатгани учун “Локомотив” клуби жазоланади
Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси раҳбарияти футбол жамоатчилигига ёлғон хабар тарқатгани учун “Локомотив” клубига жазо белгилаши мумкин.
ПФЛ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Олий лиганинг 28 август куни ўтказилган 18-тур учрашувлари доирасидаги “Локомотив”-“Бунёдкор” учрашувидан кейин “Локомотив” футбол клуби ўйиндаги ҳакамлик савиясидан норози бўлиб протест ёзган.
Мазкур протест асосида Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ҳакамлар ва инспекторлар қўмитасининг экспертлар комиссияси учрашув ёзилган видеотасмаларнинг барчасини кўриб чиққан ҳолда, ўйинни олиб борган ҳакамлар бригадаси 12 вазиятдан 3 тасида ҳақиқатан ҳам хатоликка йўл қўйган, лекин бу ўйин натижасига таъсир қилмаган, протестдаги қолган 9 та вазиятда эса ҳакам ҳақ, деган хулосага келди.
Жазо чораси сифатида “Локомотив”-“Бунёдкор” учрашувини бошқарган Валентин Коваленкога хайфсан эълон қилиниб, унинг мазкур ўйиндаги хизмат ҳаққини 25 фоизга камайтириш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек “Назоратчиларнинг тартиб-интизом кодекси”га асосан “Локомотив”-“Бунёдкор” назоратчиси Ғайрат Каримов бош ҳакам Валентин Коваленкога баҳони кўтариб қўйганлиги учун унинг ҳам ўйиндаги хизмат хаққи 25 фоизга камайтирилди ва кейинги 4 та тур ўйинларидан четлатилди.
5 сентябрь куни эса “Локомотив” клубининг расмий сайти “Локомотив” – “Бунёдкор” ўйинида ҳакамлик қилган Валентин Коваленко 4 та ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида хабар тарқалди.
“Клуб футбол жамоатчилигига ёлғон хабар тарқатишда нима мақсадни кўзлаганлиги номаълум, лекин бундай ишлар жазосиз қолмаслиги керак. Профессионал Футбол Лигаси раҳбарияти тез орада бу ишни кўриб чиқишни якунлайди ва “Локомотив” клубига жазо белгилайди. Бу ҳақдаги ахборот ПФЛ сайтида эълон қилинади”, – дейилади хабарда.
Шарҳлар