Олий Мажлисга сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2014 йилда бўлиб ўтадиган сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ЎзА тарқатган хабарга кўра, 2014 йилги сайлов жараёнини ёритиш бўйича матбуот маркази Тошкент шаҳри Навоий кўчаси 16-уйдаги Ўзбекистон Миллий матбуот маркази биносига жойлаштирилган. Бу ерда журналистларга сайлов жараёнининг барча босқичларини самарали ёритиш учун барча шарт-шароит яратилган.
Сайловларнинг боришини ёритиш истагида бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказий сайлов комиссиясида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтиши керак. Аккредитациядан ўтиш тартиби билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг www.elections.uz расмий сайти орқали танишиш мумкин. Тегишли тартибда аккредитациядан ўтган журналистлар Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказиладиган брифинг ва матбуот анжуманларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Шарҳлар