Фарғона ва Қувасой шаҳарларини янги автомобиль йўли боғлайди
Фарғона вилоятидаги 4Р-143 “Фарғона шаҳри — Қувасой шаҳри” автомобил йўлининг 0-5,5 км келадиган қисмида амалга оширилаётган қайта қуриш лойиҳаси ўзининг якуний босқичига кирди. Лойиҳа доирасида барпо этилган замонавий янги йўл эса аллақачон йўловчиларга хизмат қилмоқда, дея хабар беради “Ўзавтойўл” ДАКнинг матбуот хизмати.
Лойиҳанинг умумий қиймати 9612,1 млн сўмга тенг бўлиб, қурилиш ишларини бош пудратчи сифатида “Ўзавтойўл” ДАКнинг Қува туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси амалга оширмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида корхона қурувчилари томонидан йўл қопламасининг юқори қатламига 10127 тонна асфальтбетон ётқизилиб, йўлга ўқ чизиқларни чизиш, йўл ўртасини ажратувчи тўсиқ ва панжара ўрнатиш, йўлни ёритиш тизимини ўрнатиш, кўкаламзорлаштирилган майдонлар ва манзарали дарахтлар экиш каби ишлар якунига етказилди.
Айни пайтда эса автомобил йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ёқасида жойлашган хонадонлар ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотларига қулайлик яратиш мақсадида лойихалаштирилган махаллий йўлларни қуриш ҳамда кириш йўлларини асфальтлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Фарғона ва Қувасой шаҳарларини боғловчи ушбу йўлнинг 5,5 — 25 км қисмида ҳам шу йилнинг биринчи ярмида жорий таъмирлаш дастури асосида йўл элементларини тартибга келтириш, 3600 мет квадрат йўл элементларини оқлаш ва 1300 метр квадрат йўл элементларини қоралаш, 3298 метр квадрат йўлни фреза ёрдамида қирқиб, чуқур чакларни таъмирлаш ҳамда қартасимон таъмирлаш ишлари бажарилиб, 430 тонна асфальтбетон маҳсулотлари ётқизилди.
Ушбу ишлар натижада вилоят марказидан Қувасой шаҳригача бўлган бутун йўлнинг сифати тубдан яхшиланишига эришилди.
Фотосурат: Uzavtoyul.uz
Шарҳлар