Олий ўқув юртининг ўқитувчиси ўлдирилган ва ёқиб юборилган
25 август куни Пастдарғом туман Ички ишлар бўлимининг ўт ўчириш қисмига Тошкент кўчасида жойлашган уйда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келган. Ўт ўчирувчилар зудлик билан воқеа жойига келиб, ёнғинни ўчиришган. Шундан сўнг хоналардан бирида бир нечта кўрпача билан ёпилган эркакнинг жасади топилган.
Воқеа жойига келган тезкор ходимлар жасад уй эгаси – 1945 йилда туғилган, Самарқанддаги олий ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси Ойбек Н.ники эканини аниқлашди. Эркак ўз оиласи билан Самарқандда яшаган, ота-онасидан мерос қолган бу уйга эса дам олиш кунлари ҳордиқ чиқариш учун келиб турган.
Ҳалок бўлган шахснинг алоқаларини ўрганиш давомида шу куни уникига рафиқасининг жияни, 1994 йилда туғилган Дониёр А. келгани аниқланди ва айнан у ишдаги бош гумондорга айланди. Тез орада йигит ушланди.
Унинг кўрсатмаларига кўра, ўша куни у амакисининг олдига келган ва улар кечки овқатни биргаликда қилишга қарор қилган. Иккаласи ҳам спиртли ичимлик ичган ва улар орасида жанжал юзага келган.
Оғзаки жанжалдан сўнг жиян бир неча марта амакисини урган. Эркак йиқилиб тушган ва нафас олмай қўйган. Дониёр одам ўлдирганини тушунган. Шунда у жасадни кўрпачалар билан ёпиб ташлаб, устидан керосин қуйган ва уйни ёқиб юборган. Жиноятчи уйдан чиқиб, деворни ошиб тушиб қочиб кетган. Буни бир нечта қўшни ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда қотиллик ҳақидаги иш судга топширилди.
Шарҳлар