“GM Uzbekistan” 2013 йилги “Damas”ларни руль билан боғлиқ камчилиги туфайли чақириб олмоқда
“GM Uzbekistan” қўшма корхонаси 2013 йилда ишлаб чиқарилган баъзи “Damas” автомобилларини техник кўрикдан ўтишга чақирмоқда. Бу ҳақда “Facebook”даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзоларидан бири хабар берди, деб ёзади “Дарё” нашри. Маълум бўлишича, фойдаланувчига компания номидан унинг “Damas” автомашинасидаги камчиликлар ҳақида мактуб келган.
Унда қайд этилишича, “GM Uzbekistan” 2013 йилда ишлаб чиқарган “Damas” автомобилларини маҳсулот хавфсизлиги бўйича қайтариб олишга қарор қилган.
«”GM Uzbekistan” 2013 йилда чиқарилган “Damas” автомобилларининг баъзиларида руль устунидаги тишли уланиш жойининг емирилганини аниқлади», — дейилади мактубда.
Компания автомобиль эгасидан маълум автосалонга келишини сўраган. У ерда машинадаги пастки руль устуни бепул алмаштириб берилишини қайд этган.
Таъкидлаш жоиз, чақириб олиш кампанияси ҳақида расмий маълумот берилмаган, Сhevrolet.uz сайти эса ишламаяпти, дея қайд этади нашр.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “General Motors” “Cobalt” автомобилида руль тягаси билан боғлиқ камчилик аниқлангани ҳақида хабарнома тарқатган эди. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида компаниянинг дилерлик корхоналарига барча “Chevrolet Cobalt” автомобилларида руль тягаси учларининг етарлича қотирилгани текшириб кўрилиши вазифа қилиб белгиланган эди.
Яқинда эса “General Motors” ўз автомобилларини дунё бозоридан қайтариб олишини эълон қилди. Бу сафар сервис акцияси 2013 ва 2014-модел йилларидаги “Cadillac XTS” ва 2014—2015-модел йилларидаги “Chevrolet Impala” седанларига тегишли бўлади. “General Motors” ушбу автомобилларда электрон тўхташ тормозида носозлик аниқланганини таъкидлади. Таъкидлаш жоиз, йил бошидан буён компания турли муаммолар сабабли 30 миллионга яқин автомобилини қайтариб олган.
Шарҳлар