Stadion.uz сайти Ўзбекистон чемпионатидаги келишилган ўйинга қарши ўз норозилигини билдирди
Бугун Stadion.uz сайти Ўзбекистон чемпионатидаги келишилган ўйинга қарши ўз норозилигини баён қилди.
“Биз ҳақиқатан ҳам «театрлаштирилган саҳна»ларни ўз сайтимиз орқали ёритмоқчи ёки тарғибот қилмаймиз. Танқидий ва келишилган ўйинларни фош қилиш бўйича мақолалар эса давом этади. Бу бизнинг муҳим позициямиз”, – деб ёзади “Стадион” нашри..
Бугун эрталаб сайтга жойлаштирилган, аммо кейинчалик ундан олиб ташланган мақола мурожаат-хат шаклида ЎзПФЛ ва ЎФФга тақдим қилинган.
“Биз футболимиз раҳбарларидан спорт журналистлари билан учрашув ташкил қилишни сўрадик. Шу боис, айрим жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бугун эълон қилинган норозилик мақоламизни вақтинчалик сайтдан олиб туришга қарор қилдик. Аввал ЎзПФЛ раҳбари, кейинчалик эса ЎФФ президенти билан учрашганимиздан кейин сайтимиз орқали бу масалага батафсил тўхталамиз. Унгача эса Фарҳод Магометов ва ЎФФ қошидаги келишилган ўйинларга қарши кураш комиссияси раҳбари Аҳрол Иноятов билан учрашувни кутамиз.
Мақола ҳозирча сайтдан олинганидан ҳеч қандай фожиа ясамаслигингизни сўраймиз. Биз келишилган ўйинларга қарши шу пайтгача курашиб келганмиз ва бундан кейин ҳам курашишда давом этамиз”, – дейилади сайтдаги хабарда.
Қуйида эътиборингизга Stadion.uz сайтининг танқидий мақоласини келтирамиз:
«Хабарингиз бор, сўнгги йилларда ўзбек футболида яна кескин пасайиш бошланди. Терма жамоаларимизнинг халқаро ўйинлардаги натижалари ёмонлашиб бормоқда. Ўсмирларимиз ЖЧга чиқа олмади, терма жамоамиз Осиё ўйинларида нимчорак финалдан нарига ўта олмади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирча легионерлар ҳисобига ўз савиясини нисбатан ушлаб турибди. Бош жамоамизнинг “Осиё кубоги — 2015”да қандай натижа қайд этишини ҳеч ким ишонч билан айта олмайди. Буларнинг барчасига миллий чемпионатимиз сабабчи экани ҳеч кимга сир эмас. Олий ва Биринчи лига мусобақаси ботқоққа ботиб ётибди. Келишилган ўйинлар ва тотализаторга ўйинларни тикиш кундан-кунга авж олиб бормоқда. Ҳаммаёқ “театр”. Айниқса, мавсумнинг сўнгида бу ҳолат жуда ҳам авж олади. Медаллар учун курашаётган ва Олий лигада қолишни истаган жамоалар таваккал қилишни, мардларча курашишни истамайди. Келишади, сотиб олади, керак бўлса, ҳакамлар билан “ишлайди”.
Эссиз давлат томонидан ажратилаётган шунча пуллар, эссиз яратилган имкониятлар-у қурилган стадионлар. Айниқса, мухлисларга жуда ачиниб кетасан киши. 5:4 ҳисобида ўйнаса, мухлислар голлардан олам-олам қувонч олади, деб фикрлайдиган, ўзидан барчани аҳмоқ деб ўйлайдиган “ақлли” мураббийларимиз бор.
Мана шундай “театр”ларда “пишаётган” футболчилар терма жамоа сафида сал босимга дуч келса, довдираб қоляпти, оёғи қалтираяпти, ютқазяпти.
Катта мақсад йўлида ташкил этилган сайтлар, асосан, фидойилик эвазига фаолият юритади. Ҳамкасбларимиз ўзбек футболининг ютуғини кўришни истайди. Бироқ ‘театр’ларни тарғиб қилишни мақсад қилмаган.
“Металлург” — “Бухоро” (4:3) ўйини Европа таҳлил компанияси томонидан келишилган деб топилганди. Ушбу ўйин борасида ФИФА ЎФФдан сўраб-суриштиргани ва ЎФФ раҳбарияти мазкур ўйин ҳақиқатан ҳам келишилган бўлганини тан олганидан хабаримиз бор. Аммо ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамон ушбу ўйин борасида жиддий чорак кўрмади. Натижада келишилган ўйинлар “болаламоқда. Ундан кейин бундай шубҳа остига “Сўғдиёна” — “Навбаҳор” (5:4) ўйини олинди. ФИФА, ЎФФ ва барча ўзбек футболи жамоатчилигига “тупуриб” қўйганини кўрсатиб қўйиш мақсадида жамоаларимиз яна бир 5:4 ҳисобни намойиш қилиб берди. Клубларимизда, мураббийларимизда, футболчиларимизда на ор бор, на ғурур!
Аслида мухлисларни, журналистларни ва футбол оммасини овора қилиб нима қилишади? Ҳаммани овора қилмасдан футболни қоғозда ‘ўйнаб’ қўя қолсин. Ахир барчаси олдиндан маълум бўлса?!
Биз, Stadion.uz сайти ижодкорлари, ЎФФ томонидан келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш бошланмагунича, ўзбек футболи ифлосликлардан тозаланмагунича, ўзбек футболини ёритмаслигимизни маълум қиламиз. Бизга ҳалол футбол керак. Унгача эса Европа ва халқаро футбол билан яшаймиз.
Шунингдек, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов, ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магомедов, ЎФФ қошидаги келишилган ўйинларга қарши кураш комиссияси бошлиғи Аҳрол Иноятовдан спорт журналистлари билан учрашув ташкил қилишларини сўраймиз. Келишилган ўйинларга қарши биз кутган кураш бошланмаса, бу борада ФИФАга мурожаат қилишга мажбур бўламиз. Ўлиб бораётган футболимизнинг аҳволига жим қараб тура олмаймиз!
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг барча терма жамоалари бош мураббийлари — Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов, Равшан Ҳайдаров, Александр Мочинов ва бошқаларни бундай жирканч иллатга қарши курашишга чорлаймиз. Ахир улар ҳам терма жамоага юксак кадрлар етишиб чиқишидан манфаатдор эмасми?!»
Шарҳлар