Қашқадарёда тоғ-чанғи базаси барпо этилади

Қашқадарёда тоғ-чанғи базаси барпо этилади

2013-2015 йилларда Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантиришга қарийб 102 млн АҚШ доллари йўналтирилади, дея хабар беради UZ24 нашри.

Вилоятда сайёҳликни ривожлантириш мақсадида тарихий-маданий меросдан самарали фойдаланиш, тарихий-меъморий мажмуалар ва ёдгорликларни асраш ва уларни реставрация қилиш, янги сайёҳлик ва сервис объектларини қуриш, мавжудларини эса янгилаш, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича конкрет ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек Қарши шаҳрини замонавий сайёҳлик марказига айлантириш, “Китоб” темир йўл бекатини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.

Шу билан бирга Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор қишлоғида Амир Темурнинг ёшлик йилларига бағишланган музейни ташкил этиш, Самарқанд-Шаҳрисабз автомагистрали бўйлаб замонавий кемпинглар қуриш, Миришкор туманидаги Ачинкўл соҳилида биологик қўриқхона қурилиши бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Сайёҳликни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурга кўра вилоятда 30 та меҳмонхона қурилади. Айни пайтда шундай объектларнинг бир нечтаси реконструкция қилиб бўлинди. Қарши, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва бошқа туманларда туризмни янада ривожлантириш бўйича тадбирлар режалаштирилган.
ЎзА тарқатган маълумотга кўра, бу борадаги ишлар доирасида сайёҳлик маҳсулотини ташқи бозорга олиб чиқиш, янги туристик йўналишларни очиш, сайёҳлик хизматларининг сифатини ошириш кўзда тутилган.

Китоб давлат геология қўриқхонаси ва Ҳисор қўриқхонаси бўйлаб турлар дастурини ишлаб чиқиш, Мингчинор қишлоғида тоғ-чанғи базасини ва арқон йўлини қуриш кўзда тутилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.