ЮНВТО ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди
БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия Кенгашининг 99-сессияси доирасида ЮНВТО ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш ва “Буюк ипак йўли” брендининг тараққий эттиришга доир Битим имзоланди.
Ушбу лойиҳа туризм индустриясида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, бутунжаҳон бирлашмаси орасида “Буюк ипак йўли” брендини тараққий эттириш соҳасида томонлар ҳамкорлигини йўлга қўйишни назарда тутади, дея хабар беради “UzReport” нашри.
Шунингдек ЮНВТО ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш бўйича декларацияга ҳам имзо чекилди.
Якуний ялпи йиғилишда ташкилот бош котиби Талеб Рефайи “Туризм ва маданият- шерикликнинг янги моделларини яратиш” мавзусида мавзуга доир муҳокамани очиб берди. Унда бир қатор иштирокчи давлатлар, хусусан, Ўзбекистон, ЖАР, Озарбайжон, Корея, Хитой, Индонезия, Франция, Хорватия, Сербия, Мозамбик, Бразилия, Мальдив ороллари, Эрон, Саудия Арабистони, Бельгия каби 16 та давлат вакилари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Йиғилиш давомида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан ўртага ташланган таклифлар инобатга олиниб, қатор қарорлар қабул қилинди ва бир овозда маъқулланди.
Шу тариқа, халқаро анжуманнинг ялпи йиғилиши якунида БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг ёпилгани эълон қилинди. Йиғилишдан сўнг ОАВ вакиллари иштирокида ЮНВТО бош котибияти, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири иштирокида брифинг ўтказилди.
Шарҳлар