ФИФА «Сўғдиёна»га мурожаат билан чиққани ростми?
Олий лиганинг 19 ва 21-турларидан ўрин олган «Сўғдиёна» – «Навбаҳор» ҳамда «Сўғдиёна» – «Металлург» учрашувларида қайд этилган 5:4 ҳисоби кўпчиликни ажаблантириш билан бир қаторда эътироз ва гумонларга сабаб бўлди, деб ёзади “Стадион” нашри “Arena”га таянган ҳолда.
“Сабаби, мураббийларнинг ўзи Зоминдаги стадионда футбол ўйнаб бўлмайди деб турган бир вазиятда жиззахликлар икки учрашувда рақиблар дарвозасини 10 марта ишғол қилиши ажабланарли ҳолат. Ваҳоланки, бу стадионда чемпионликни кўзлаётган, таркибида тажрибали футболчилар тўп сурадиган «Локомотив» 2 тагина гол урганди. «Нефтчи» умуман голсиз қайтган. Хўп, жиззахликлар мезбон сифатида майдонга кўникиб олган дерсиз, унда «Навбаҳор» ва «Металлург» футболчилари-чи?
Демак, мазкур жамоалар таркибида тўп сураётган футболчилар маҳорат бобида «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор», «Насаф» аъзоларидан ўтиб кетибди-да! Энди терма жамоаларимиз таркибини ёппасига «Сўғдиёна», «Металлург» ва «Навбаҳор» футболчилари билан тўлдирсак бўлаверар экан-да!?
Хуллас, айтишларича, бу учрашувлар ФИФАнинг ҳам эътиборини тортган ва ташкилот беллашув ёзилган дискни сўраган. Албатта буларнинг барчаси миш-миш, аммо миш-миш бўлмаслиги ҳам мумкин! Айтишади-ку, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди деб!”, дея хулоса қилади нашр.
Шарҳлар