Ислом Каримов Андижонда қурилган янги уйлардан бирида истиқомат қилувчи оиланикида меҳмонда бўлди

Ислом Каримов Андижонда қурилган янги уйлардан бирида истиқомат қилувчи оиланикида меҳмонда бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 6 октябрь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Президент Ислом Каримов Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар, вилоят фаоллари билан суҳбатлашди. 

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган шу кунларда сизлар билан учрашиш, барчангизга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағишлайди, деди давлатимиз раҳбари. 

Собиқ тузум даврида Ўзбекистон бутун иттифоқни пахта билан таъминлаган. Лекин шунга яраша ҳурмат, рўшнолик кўрмаган. Халқимиз ишдан қўли совиб, ҳаётдан ноумид бўлиб қолган эди. Биз ерни одамларга бериб, уларда эгалик ҳиссини шакллантириш орқали бу асоратлардан халос бўлдик. Чунки ўзимизники деган туйғу одамга куч-қувват бағишлайди, деди Юртбошимиз. 

Давлат раҳбари пахтачиликда муайян ҳудуд иқлими ва тупроқ шароитига мос серҳосил, сифатли тола берадиган янги навларни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. 

Пахтанинг хусусиятлари, сифат кўрсаткичлари жуда кўп, деди Ислом Каримов. Эртапишарлиги, ҳосилдорлигининг юқорилиги, толасининг узунлиги, пишиқлиги шулар жумласидандир. Пахта етиштиришда, авваламбор, нав танлашда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ҳар бир ҳудуднинг тупроғи ва иқлимига мос навларни экиш керак. 

Фермерлар билан мулоқот чоғида одамларнинг яшаш тарзи, онгу тафаккури ўзгараётгани, шаҳар ва қишлоқларимиз кундан кун чирой очиб бораётгани, буларнинг барчаси мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик шарофати экани таъкидланди. Ёшларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиб, барча соҳаларда катта ютуқларга эришаётгани халқимиз қалбини ғурурга тўлдираётгани алоҳида қайд этилди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, барпо этилаётган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, халқимиз фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

Президентимиз Олтинкўл тумани «Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган замонавий уй-жой массивини бориб кўрди.
 
Ислом Каримов «Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги янги уй соҳибларидан бири – Отабек Қобулов хонадонида бўлиб, бу ерда яратилган қулайликлар билан танишди, хонадон соҳибларининг ҳаёти, орзу-истаклари билан қизиқди. 

– Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами арафасида мана шундай замонавий, кўркам уйга кўчиб ўтдик, – деди хонадон соҳибаси Нигорахон Қобулова. – Бу ерда оила учун барча шароит ва қулайлик яратилган. Бу айниқса биз, аёлларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган. Бундай юксак ғамхўрлик, қишлоқ аҳлига кўрсатаётган доимий эътиборингиз учун Сиздан жуда миннатдормиз. 

Бу саъй-ҳаракатларимиз инсон учун, фарзандларимизнинг келажаги учун. Бундай уйларда яшаган болалар ҳар томонлама соғлом, мустақил фикрли бўлиб вояга етади. Чунки инсоннинг яшаш тарзи унинг дунёқарашига ҳам таъсир қилади. Биз бир пайтлар орзу қилганимиздек, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлади, деди Юртбошимиз. 

Президент қишлоқ аҳли ҳеч кимдан кам бўлмай яшашга ҳақли эканини ва бу йўлда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш ҳамда мунтазам такомиллаштириб бориш лозимлигини таъкидлади. 

Ислом Каримов Андижон шаҳридаги Истиқлол кўчаси ва бу ерда қад ростлаган замонавий бинолар билан танишди.

Президентимиз кўча қиёфасини янада яхшилаш, биноларга безак беришда ранглар мутаносиблигини таъминлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.