ЎИҲ террорчилари “Ислом давлати” билан бирлашишини эълон қилди

ЎИҲ террорчилари “Ислом давлати” билан бирлашишини эълон қилди

“Ўзбекистон ислом ҳаракати” (ЎИҲ) террорчилик ташкилотининг раҳбари Усмон Ғози “Ислом давлати” (ИД) жангариларига қўшилиши ҳақида эълон қилди, дея хабар беради “РИА Новости” Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбага таянган ҳолда.

«Бизда ЎИҲнинг ИД бўлинмаларини қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорликдаги жанговар ҳаракатларда улар томонида қатнашаётгани ҳақида тезкор видео- ва аудиомаълумотлар мавжуд», — дейди “РИА Новости”нинг суҳбатдоши.
 
Унинг сўзларига кўра, ҳозир ЎИҲ Покистон ва Афғонистоннинг чегара ҳудудларида жангариларни ёллаш ва тайёрлаш ишларини фаоллаштиргани ҳақида маълумот бор, шу боис Ўзбекистон махсус хизмати аксилтеррорчилик чораларини кучайтирмоқда. “Аввало, бу агентура тармоғи фаолиятини яхшилашдир. Биз улардан бир неча қадам олдинда бўлишимиз керак”, – дея қайд этади манба.
 
Бундан олдин сентябрь ойи охирида Сурияда халқаро коалициянинг  авиазарбалари натижасида ИД томонида жанг қилаётган 17 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Шу ўринда, Ўзбекистонда мунтазам равишда қароргоҳи Афғонистонда жойлашган ЎИҲнинг тахминий аъзолари қўлга олинаётганини қайд этиш жоиз. Ушбу ҳаракат 1996 йили Ўзбекистонда тақиқланган сиёсий партияларнинг Афғонистонга қочиб ўтган фаоллари томонидан ташкил этилган. Мазкур ташкилот Толибонлар ва Ал-Қоида ҳаракатлари билан боғланган. ЎИҲ Россия, Марказий Осиё давлатлари ҳамда АҚШда террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган.

Ал-Қоида билан алоқа қилувчи ИД террорчилик гуруҳи ҳам бир неча ой олдин Ироқ ва Сурияда фаоллашди. Ушбу гуруҳ ироқ суннийларининг Бағдод сиёсатидан норозилигидан фойдаланган ҳолда, Ироқнинг шимолий ва шимоли-ғарбий провинцияларини босиб ола бошлади ва бу ерларда “ислом ҳалифалиги”нинг ташкил этилиши ҳақида эълон қилди. Ўз навбатида, АҚШ ИДга қарши курашиш учун коалиция тузган бўлиб, ҳозир у ушбу гуруҳнинг Сурия ва Ироқдаги позицияларига қарата авиазарбалар бермоқда. Шу билан бирга, АҚШ президенти Барак Обама ИДга қарши курашиш учун Ироққа ер усти қўшинларини жўнатмаслигини билдирди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.