Ўзбекистонда қуёш коллекторларини ўрнатиш бўйича тўққизта лойиҳа амалга оширилди
«Ўзбекэнерго» ДАК тақдим этган тўққиз ойлик ҳисоботга кўра, энергетика тизимини яқинлашиб келаётган куз-қиш мавсумига ўз вақтида тайёрлаш мақсадида компанияда соҳа тадбирлари, асосий энергетик ускуналарни таъмирлаш жадваллари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.
“Электр станциялари ва тармоқларини қиш шароитида ишлашга тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш комиссиялари ташкил этилди. Мўлжалланган ишлар якунланиш арафасида”, дея таъкидланади ҳисоботда.
Мазкур ҳужжатда қайд этилишича, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш тадбирлар комплекси асосида ҳам иссиқ сув таъминоти учун қуёш коллекторларини ўрнатиш бўйича тўққизта лойиҳа амалга оширилган.
Шулардан еттитаси «Ўзэлектртармоқ» УК асосий электр тармоқларида 500 кВ нимстанцияларга жойлаштирилган бўлса, Наманган ва Жиззахдаги ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг маъмурий ва ишлаб чиқариш биноларига иккита қуёш коллектори ўрнатилган.
12 лойиҳа бўйича бошланган ишлар 2014 йилнинг ноябрь ойи охирида якунланади.
Шарҳлар