Сергелида «енгил метро» қурилишининг лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

Сергелида «енгил метро» қурилишининг лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида пойтахтнинг ушбу ҳудудини шаҳар метрополитени билан боғлаш мақсадида темирйўл қурилади. Бу ҳақда, “Podrobno.uz” хабарига кўра, туман ҳокими Фурқат Мақсудхўжаев маълум қилди, деб ёзади “Кун” нашри.

«Ўз вақтида метронинг янги йўналишини қуриш бўйича лойиҳа бўлган. Ўтган ҳафта биз мутахассислар билан биргаликда ушбу лойиҳани муҳокама қилдик ва яқин вақт ичида мазкур масалани олиб чиқмоқчимиз», – деди туман ҳокими.

Ҳокимнинг қайд этишича, туманнинг геологик шароитлари нисбатан мураккаб бўлгани сабабли, ерости темирйўлини қуриш бир қадар қийин бўлиши мумкин, шу сабабли ҳозирги вақтда «енгил метро» (тезкор трамвай ёки монорельс линияси) қурилиши лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

«Ҳозирча натижалар ҳақида гапиришга эрта, биз бу масалага жиддий ёндашиб, туман инфратузилмасини ривожлантириш мақсадидамиз. Ўйлайманки, лойиҳа келажакда амалга оширилади, бироқ ҳозир буни айнан қачон ва қандай амалга оширишни тушуниб олиш керак», – дея қайд этади туман раҳбари.

“Podrobno.uz”нинг қайд этишича, ўтган йиллар давомида Сергели туманига қадар метрони қуриб бориш борасида кўплаб лойиҳалар кўриб чиқилган, Япония ва Хитойдан инвесторлар ҳам таклиф этилган, бироқ бирорта лойиҳа тасдиқланмаган ва ишга тушмаган эди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.