Голландлар ўзбек банкининг акцияларини сотиб олди

Голландлар ўзбек банкининг акцияларини сотиб олди

Голландия Тадбиркорликни ривожлантириш давлат корпорацияси (De Nederlandse Financierings-Maatschappij voor Ontwikkelingslanden NV, FMO) “Ҳамкорбанк” акцияларининг 15%ни сотиб олган ҳолда унинг акциядорлари таркибига кирди, дея хабар беради банкнинг матбуот хизмати.

 «FMO нинг акциядорлар тузилмасига кириши банкнинг институционал ривожланишига ва Ўзбекистон банк тизимига илғор халқаро тажрибани жалб этишга ёрдам беради», — дейди “Ҳамкорбанк” бошқарувининг раиси Олмахон Тўражонова.
 
Ҳозирча битим қиймати ва унинг тузилмаси ошкор этилмаяпти. Бундан олдин FMO 2012-2014 йилларда ўзбек банкига умумий миқдори 13 млн долларлик кредит линиясини тақдим этгани ҳақида хабар берганди.

Қайд этиб ўтамиз, FMO “Ҳамкорбанк”нинг иккинчи хорижий акциядорига айланди. 2010 йил май ойида унинг таркибига Халқаро молия корпорацияси (ХМК, Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси) кирган эди. ХМК 3 млн долларга мазкур банкнинг 14,5% акцияларини сотиб олган, дея хабар беради “РИА Новости”.

“Ҳамкорбанк” 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистондаги ўрта банклар сирасига киради. Бош офиси Андижонда жойлашган. Банкнинг асосий фаолият йўналиши кичик ва ўрта корхоналар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларни кредитлашдан иборат. FMO ва ХМКдан ташқари банк акицядорларининг қолган таркиби ошкор этилмаяпти.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.