Ўзбекистон Президенти Орол инқирозининг ҳалокатли таъсирини камайтиришга қаратилган йўналишларни кўрсатди

Ўзбекистон Президенти Орол инқирозининг ҳалокатли таъсирини камайтиришга қаратилган йўналишларни кўрсатди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 28-29 октябрь кунлари «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига ўз мурожаатини йўллади. Мурожаат матни ЎзА сайтида эълон қилинди.

Давлат раҳбари Орол денгизининг бир авлод кўз ўнгида батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани Оролбўйида яшаётган аҳоли ҳаётига, бу ердаги экотизим ва биохилма-хилликка ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказаётганини қайд этди.

“Амударё ва Сирдарёнинг Оролга умумий қуйилиш ҳажми кейинги эллик йил ичида қарийб 5 баробар, Орол денгизининг суви 14 баробардан кўпроқ камайди, унинг шўрланиш даражаси эса деярли 25 марта ортди. Бу Орол денгизида илгари бўлган балиқ ва бошқа денгиз мавжудотларининг деярли буткул йўқолишига олиб келди. 

Яқин-яқинларгача ўзининг улкан биохилма-хиллиги билан машҳур бўлган Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб бормоқда, жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури буткул йўқ бўлиш хавфи остида турибди. Оролнинг қуриган қисми ўрнида ҳосил бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдондаги янги Оролқум саҳроси тобора бутун Оролбўйи минтақасига ёйилмоқда. Бу ердан ҳар йили атмосферага қарийб 100 миллион тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, қум бўронлари ва кучли шамоллар билан мазкур ҳудуддан анча олис бўлган минтақаларга ҳам тарқалмоқда. 

Орол денгизининг қуриши бутун Марказий Осиёда кескин иқлим ўзгаришига олиб келди, сув ресурслари тақчиллиги, мавсумий қурғоқчиликнинг кучайиши, қаҳратон қишнинг узоқ давом этиши, Помир ва Тянь-Шань тоғлари музликлари эришининг тезлашиши ва минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш шароитларининг ёмонлашишига сабаб бўлди. 

Минг афсуски, бугунги кунда Орол денгизини тўлиқ қайта тиклаш имкони йўқлиги тобора аён бўлиб бормоқда”, дея қайд этади Президент.

И.Каримовнинг таъкидлашича, Орол инқирозининг ҳалокатли таъсирини камайтириш учун асосий захиралар мавжуд бўлган қуйидаги йўналишларда тегишли тадбирларни амалга ошириш зарур:

биринчидан – бугунги кунда Оролбўйида юзага келган омонат экологик мувозанатни мустаҳкамлаш, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, улардан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш; 

иккинчидан – Оролбўйи аҳолисининг генофонди ва саломатлигини сақлаш ва таъминлаш учун шароит яратиш, ижтимоий инфратузилмани, тиббиёт ва таълим муассасалари тармоғини кенг ривожлантириш; 

учинчидан – аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун зарур ижтимоий ва иқтисодий механизмлар ва рағбатлантирувчи омилларни яратиш, асосий инфратузилма ва коммуникацияларни ривожлантириш. “Бу ерда яшаётган аҳолида тушкунлик кайфиятининг юзага келишига йўл қўйишга бизнинг ҳаққимиз йўқ ва уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, уларни янги иш ўринлари ва даромад манбалари билан таъминлаш учун барча имкониятларни яратиб бериш зарур”, – дейди давлат раҳбари;

тўртинчидан – ҳайвонот ва ўсимлик олами биохилма-хиллигини, жумладан, кичик сув ҳавзалари яратиш орқали сақлаш ва қайта тиклаш, минтақанинг ноёб флора ва фаунасини асраб-авайлаш даркор.  
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.