Ўзбекистонда зардуштийларнинг ҳосилдорлик маъбудасини тасвирловчи ҳайкалча топилди
Археология ишқибозлари Сирдарё вилоятидаги “Эски ховос” қадимий шаҳрини қазиш ишлари давомида уч мингдан зиёд қадимий осори-атиқаларни топди. Археология ишқибозларининг тўгараги бу йил Сирдарё вилоят ўлкашунослик музейи ва Гулистон давлат университети мутахассисларининг ташаббуси билан ташкил этилди.
“Тўгарак жонажон ўлкамиз тарихини ўрганиш даражасини ошириш ва тўпламларни археологик топилмалар билан бойитиш учун ташкил этилди. Тўгарак аъзоларининг иштиёқи вилоят ҳудудида жойлашган 139 та археологик ёдгорликни ўрганишга ёрдам беради. Иш профессионал даражада бориши учун 2020 йилгача Ўзбекистон Фанлар академиясининг Археология институти билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузилди”, – дейди музей директори ва лойиҳа ташаббускори Зокира Холдорова “UT” мухбирига.
Даставвал Сирдарё вилоятидаги энг машҳур археологик ёдгорлик – қадимий Эски Ховос шаҳрида қазиш ишларини олиб боришга қарор қилинди. Экспедиция муваффақиятли бўлиб чиқди. Тўрт ой мобайнида археология ишқибозлари уч мингдан зиёд қадимий осори-атиқаларни топди, уларнинг бир қисми ҳозир музейда реставрация қилинмоқда.
Топилмалар орасида қимматбаҳо буюмлар ҳам бор. Хусусан, эрамизнинг II-III асрларига мансуб зардуштийларнинг Анахита ҳосилдорлик маъбудасининг ҳайкалчаси шулар сирасидандир. Эрамизнинг XII асрига мансуб чироқ тутқичидаги афсонавий Хумо қушининг тасвири эса ўзбекистон ҳудудида топилган энг қадимий тасвирлардан биридир.
Айни пайтда “Эски ховос” археологик ёдгорлигида қазиш ишлари давом этмоқда.
Фотосурат: © Uzbekistan Today
Шарҳлар