Сенат сўнгги бор жорий таркибда йиғилади
2014 йил 13 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди.
Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига аҳоли турмуш даражасини янада оширишни ва унинг ижтимоий муҳофаза қилинишини кучайтиришни, иқтисодиётнинг юқори ва барқарор суръатлар билан ўсишини, аҳоли бандлиги таъминланишини назарда тутган Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари тўғрисидаги, шунингдек 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни киритиш режалаштирилмоқда, дея хабар беради Сенат матбуот хизмати.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига Ўзбекистонда инвестициявий муҳит ва ишбилармонлик муҳитини, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни назарда тутган «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар киритилади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилган.
Шу билан бир қаторда навбатдаги ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Шарҳлар