700 млн. долларлик кредит
2015-2019 йилларда Ўзбекистон ҳукумати араб молия институтларининг 700 млн. доллардан ортиқ кредит маблағларини жалб этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг вакили душанба куни “РИА Новости”га маълум қилган.
Агентлик тарқатган маълумотларга кўра, юқорида кўрсатилган маблағларни ажратиш тўғрисидаги келишувга Араб мувофиқлаштириш гуруҳи (АМГ) аъзоларининг йиғилиши давомида эришилган. Йиғилишда Ўзбекистон томони умумий қиймати 1,6 млрд. долларлик инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини тақдим этган. Ушбу лойиҳаларни АМГ маблағларини жалб этган ҳолда амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Хусусан, ушбу маблағлар тиббий муассасалар, олий ўқув юртларини жиҳозлашга, умумтаълим мактабларида муқобил энергия манбаларини жорий этишга, канализация тизимларини реконструкция қилишга ва ичимлик суви таъминотини яхшилашга ҳамда миллий автомагистраль қурилишини якунлаш ва темир йўлларни электрлаштиришга йўналтирилади.
Қайд этиб ўтамиз, Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг таркибига Ислом Тараққиёт банки ва араб молия фондлари – Саудия тараққиёт фонди, Абу-Даби тараққиёт фонди, ОПЕК Халқаро ривожланиш фонди, Қувайт араб иқтисодиётини ривожлантириш фонди киради. Статистика маълумотларига кўра, айни пайтга қадар араб молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми ижтимоий соҳа, энергетика, инфратузилма ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида қарийб 500 млн. долларни ташкил этган.
Шарҳлар