«Қуруқ» фавворалар: Бухоро бошлаб беради
Эртага, 5 ноябрь куни, Бухорода янги “Абу Али ибн Сино” хиёбони очилмоқда. Ушбу хиёбондаги объектлар қурилиши ҳақида “Восточный экспресс” нашри хабар берганди.
Олдин айтиб ўтилганидай, мажмуа бош мусиқий фавворани ва яна иккита “қуруқ” фавворани, иккита қаҳвахона ва дам олиш учун айвончаларни ўз ичига олган. Хиёбон ҳудудига Қрим арчалари экилган. Шунингдек, бу ерда Маданият саройи ҳам қад кўтарди.
Мажмуанинг тахминий қиймати қайриб 3 млрд. сўмни ташкил этади. Қурилиш ишлари нисбатан қисқа муддатларда – 7 ойда тугатилди.
Шу ўринда “қуруқ” фаввора нима эканига изоҳ бериб ўтиш жоиз. Ушбу фаввораларда сув учун резервуар ер сатҳидан пастда жойлашган. Шу боис томошабинларда “фонтан ичига кириш”, сув лабиринти бўйлаб оқимлар орасидан ўтиш, ўйнаётган томчилар остида туриш имконияти пайдо бўлади. Қизиғи шундаки, бунда сиз деярли ҳўл бўлмайсиз.
Барча фавворалар орасида айнан “қуруқ” (пиёдалар) фавворалар турли шикастланишларга чидамли ҳисобланади, айнан шу боис уларни тез-тез одамлар кўп тўпланадиган жойларга ўрнатишади. Ундаги ускуналар ва иллюминация махсус панжара остига жойлаштирилади, у зарурат туғилганида юк машинасини ҳам кўтара олиши мумкин.
Яна шуни таъкидлаш керакки, бундай фавворалар Ўзбекистонда илк бор қурилмоқда. Ҳозирча пойтахтда ва республиканинг бошқа йирик шаҳарларида бундай иншоотлар мавжуд эмас.
Шарҳлар