Ўзбек автомобиллари Россиядаги энг арзон автомашиналар рўйхатига кирди
“GM-Uzbekistan” компаниясида ишлаб чиқарилган автомобиллар Россиядаги энг арзон машиналар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади, дея хабар беради ЎзТАГ “Автостат” таҳлилий агентлиги тадқиқотига асосланган ҳолда.
“Россиядаги энг арзон автомобиллар – Daewoo автомобилларидир. Уларнинг ўртача нархи 2012 йилда $9,5 мингни ташкил қилган. Ушбу ўзбек-корейс бренди нархларини 10 минг АҚШ долларигача ушлаб турган ягона савдо белгисидир”, – таъкидланади агентлик хабарида.
“Автостат” таҳлилчиларининг сўзларига кўра, бундаги асосий омил ультрабюджет сегментига мансуб “Matiz” ва “Nexia” моделлари бўлиб, ушбу автомобилларнинг нархи 200 мингдан бошланиб, 400 минг рублга етмайди.
Агентлик берган рўйхатга кўра, Россиядаги энг қиммат автомобиль маркаларига “Mercedes Benz”, “Land Rover”, “Lexus”, “BMW”, “Audi”, “Volvo”, “Toyota”, “Subaru”, “Honda” ва “Mitsubishi” автомобиллари киради. Нархи энг арзон автомобиль маркалари рўйхати эса “Daewoo”, “Lada”, “Lifan”, “Chery”, “Renault”, “Chevrolet”, “Citroen”, “Great Wall”, “Peugeot” ва “Hyundai” автомобилларидан ташкил топган.
Шарҳлар