Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Парижда қатор битимларни имзолади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Парижда қатор битимларни имзолади

2014 йилнинг 7 ноябр куни Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Франция Республикаси ташқи ишлар ва халқаро ривожланиш Вазири Лоран Фабиус билан учрашди.

Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Франция муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги учрашувлар, ишбилармон доираларининг самарали ҳамкорлиги, мунтазам илмий-таълим ва маданий соҳалардаги ўзаро алмашувлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари даражасидаги алоқалар кўп қиррали муносабарларни ҳар томонлама кенгайтириш имконини яратиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, узоқ муддатли Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлигининг кун тартибини ҳар икки томон манфаатлари асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Вазирлар жаҳонда кузатилаётган кескин ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратиб баъзи халқаро муаммолар, жумладан Афғонистон ва бутун Марказий Осиё ҳудудидаги вазият юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар “Тошкент Француз альянси”ни таъсис этиш ва унинг фаолияти шартлари тўғрисидаги ҳамда соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларнинг вазирлар томонидан имзоланиш маросими билан якунланди.

Шу куннинг ўзида Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Сиёсий масалалар ва хавфсизлик бўйича бош дирекцияси бошлиғи ўринбосари иштирокида икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўққизинчи раунди бўлиб ўтди.

Шунингдек, 7 ноябрь куни Абдулазиз Комилов Франция Президентининг дипломатик маслаҳатчиси Жак Одибер билан ҳам учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Франция кўп қиррали муносабатларининг муҳим масалалари муфассал муҳокама қилинди. Ўзаро алоқаларнинг ижобий ўсиш суръати мамнуният билан қайд этилиди ва турли йўналишлардаги ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашда икки томон ҳам бирдай манфаатдорлиги тасдиқланди.

Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ҳам фикр алмашдилар, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВнинг матбуот хизмати.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.