Ўзбекистон бозори Россия бозорига унчалик қарам эмас

Ўзбекистон бозори Россия бозорига унчалик қарам эмас

Ўзбекистон бозори ва иқтисодиёти Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларининг иқтисодиётига қараганда Россия бозоридаги салбий тенденцияларга камроқ боғлиқ, дея хулоса қилади Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ).

ХВЖ маълумотларига кўра, Ўзбекистон экспортининг Россия бозорига қарамлиги бор-йўғи 3% га яқинни, импорт эса 3-10% ни ташкил этади. Пул ўтказмалари ва тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари бўйича Ўзбекистоннинг РФга қарамлиги 3% дан кам.

Шу билан бирга, ХВЖнинг қайд этишича, Қирғизистон бозорининг Россияга қарамлиги импорт ва пул ўтказмалари бўйича 10% дан кўпни, экспорт ва тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари бўйича 3-10% ни; Тожикистон бозориники импорт ва пул ўтказмалари бўйича 10% дан ортиқни, экспорт бўйича қарийб 3% ни ва тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича 3-10% ни; Туркманистон бозориники экспорт бўйича 10% дан зиёдни, Қозоғистон бозориники эса экспорт ва импорт бўйича 3-10% ни ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон жорий амалиётлар ҳисобларининг ижобий сальдосини сақлаб қолган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат ҳисобланади. Обзорда 2000-2010 йилларда Ўзбекистоннинг бу борадаги кўрсаткичи ЯИМнинг 5,1% ни ташкил этгани кўрсатилади, 2014- ва 2015 йилларда эса ХВЖ прогнозига кўра, у 0,1% ва 0,5% даража атрофида бўлади.

Жамғарма экспертларининг маълумотларига қараганда, қолган Марказий Осиё давлатлари жорий амалиётлар ҳисобларининг салбий сальдосига эга.  

Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида 2014 ва 2015 йилларда ЯИМнинг реал ўсиш даражаси бироз пасайиши ва шунга мувофиқ равишда 5,5% ва 5,6% дан ошмаслиги мумкин.

Жамғарманинг фикрича, ҳозир минтақада иқтисодий фаоллик сусаймоқда, хусусан бу ушбу мамлакатларга пул ўтказмалари ва инвестициялар оқимининг манбаи ва уларнинг асосий савдо шериги бўлган Россияни қамраб олган минтақавий танглик кучайгани сабабли юз бермоқда.  

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.