Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти бошланмоқда

Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти бошланмоқда

2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди. 

Тадбирда барча сиёсий партиялар қонунда белгиланган муддатларда ўз съезд ва қурултойларини ўтказгани ҳамда уларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилгани қайд этилди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар раҳбарларининг депутатликка номзодларни рўйхатга олиш ҳақидаги аризалари ва уларга илова қилинадиган зарур ҳужжатлар қабул қилинди. 

Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган мазкур ҳужжатларни қонунда белгиланган етти кунлик муддат ичида текшириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. 

Ҳужжатларни текшириш жараёнида депутатликка номзодлар сиёсий партиялар юқори органлари томонидан кўрсатилгани, ҳар бир сайлов округидан депутатликка биттадан номзод кўрсатилгани, шунингдек, депутатликка номзодларнинг уларга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги масалалари ўрганиб чиқилди. 

Парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодлар орасида таълим соҳаси вакиллари 26,5, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари 20,2, иқтисодчилар 20,8, ҳуқуқшунослар 14,2, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари 10,1 фоизни ташкил қилди. Номзодларнинг барчаси олий маълумот ва катта ҳаётий тажрибага, 21,7 фоизи эса фан доктори ёки номзоди илмий даражасига эга. Номзодларнинг 13,8 фоизи илгари ҳам депутатликка сайланган. 

Рўйхатга олинган номзодларнинг 31,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. 

Шундай қилиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига биноан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш қонунда белгиланган муддатда якунланди. 

Энди барча номзодларнинг рўйхати номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, қайси партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими, иш ва яшаш жойи, шунингдек, уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинади. 

Матбуот анжуманида депутатликка номзодлар рўйхатга олингач, сайлов жараёнининг муҳим босқичи – сайлов қонунчилиги талаблари асосида амалга ошириладиган сайловолди ташвиқоти бошлангани таъкидланди, дея хабар беради ЎзА.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.