Ислом Каримов: «Биз бир-биримизни яхшироқ тушуна бошладик»

Ислом Каримов: «Биз бир-биримизни яхшироқ тушуна бошладик»

Астанадаги музокаралар якунлари бўйича гапирар экан, Ўзбекистон Президенти узоқ муддатли стратегик ва миллий устувор йўналишларимиз умумий ва ажралмас эканига томонлар ишонч билдирганини, Ўзбекистон олдинда турган кенг кўламли мақсадлар ва вазифаларни биргаликда ҳал этиш тарафдори эканлигини қайд этди.  

«Биринчи навбатда, агар ўзимизга Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмасининг бундай шиддат билан ўсишини қандай тушунтириш мумкин деган саволни берадиган бўлсак, суръатларни ўзингиз кўриб турибсиз: 2013 йилда 14%, 2014 йилнинг 9 ойи ичида 25%. Бу савол, албатта, етарлича жиддий эътиборни талаб этади. Хўш, бунга қандай омиллар, қандай сабаблар таъсир кўрсатди? Менинг шахсий фикрим шундан иборатки, биз бир-биримизни яхшироқ тушуна бошладик. Бу бирламчи ва энг муҳим омил», — деди Ислом Каримов олий даражадаги учрашув якунлари бўйича журналистлар учун қўшма баёнот чоғида.
 
“12uz.com” нашрининг ёзишича, Қозоғистон Президенти Нурсултан Назарбаев, ўз навбатида, Ўзбекистон Астананинг Марказий Осиё минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий шериги эканини қайд этди.

«Жаҳон иқтисодиётидаги салбий тенденциялар ва асосий маҳсулот турлари нархларининг пасайишига қарамасдан, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ўсишда давом этмоқда. 2005-2013 йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдолар ҳажми 4 бараварга ўсди ва 2 млрд.доллардан ошди. Қозоғистонда Ўзбекистон иштирокидаги 118 та компания, Ўзбекистонда эса Қозоғистон иштирокидаги 170 та компания фаолият кўрсатмоқда. 2014 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 1,5 млрд.доллардан ошди. Бунда мамлакатларимиз томонидан ҳали бутун иқтисодий салоҳият фойдаланилгани йўқ, деб ҳисоблайман. Товарлар номенклатураси тор эканини ҳисобга оладиган бўлсак, Ҳукуматлараро комиссия ва ҳукуматларимиз савдо ҳажмини ошириш устида ишлаши керак», — дея қайд этди Назарбаев.
 
Қозоғистон раҳбари  Ислом Каримовнинг ташрифи Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга кўтаришга кўмаклашишига ишонч билдирди.

Фотосурат: ТАСС

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.