2015 йил кузидан чиқиндиларни саралаш учун Тошкент маҳаллаларига рангли контейнерлар ўрнатилади

2015 йил кузидан чиқиндиларни саралаш учун Тошкент маҳаллаларига рангли контейнерлар ўрнатилади

Тошкентда 2015 йил кузидан чиқиндиларни саралаш бўйича лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилиши бошланади. Бу ҳақда, «Махсустранс»га асосланиб, Podrobno.uz хабар бермоқда, деб ёзади “Кун” нашри.

«Махсустранс»  берган маълумотга кўра, лойиҳани амалиётга татбиқ этиш учун 70 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирилади. Бу маблағга, жумладан, кўк, оқ, сариқ, қора рангли ва махсус контейнерларни сотиб олиш режалаштирилган.

Хабар беришларича, чиқиндиларни саралаш бўйича лойиҳа доирасида сотиб олиниб, жойларга ўрнатиладиган кўк контейнерлар пластмасса чиқиндилари учун, оқ контейнерлар қоғоз чиқиндилар учун, сариқ контейнерлар озиқ-овқат чиқиндилари учун, қора конейтерлар эса бошқа турдаги чиқиндилар учун мўлжалланган бўлади. Махсус контейнерлар эса таркибида симоб бўлган чиқиндилар учун ажратилади.

Сараланган чиқиндиларни ташиш учун «Махсустранс» яна 200 та махсус машина сотиб олади, бу машиналар ҳам чиқинди турига мос равишда алоҳида-алоҳида рангларда бўлади. Бундан ташқари, автомобиллар GPS тизими билан таъминланади, «Махсустранс» эса шу лойиҳа доирасида 15 мингта турли компьютер техникасини сотиб олади.

Қайд этиб ўтамиз, «Махсустранс» вакиллари бир муддат аввал Буюк Британияда бўлиб, Лондонда 1998 йилдан бери амалда бўлган лойиҳани ўрганиб, тажриба орттириб қайтган эди. Маълумот учун, ҳозирги вақтда 370 та махсус техникага эга бўлган «Махсустранс»нинг Тошкент шаҳар бошқармаси кунига 2,2 минг тонна чиқиндини шаҳардан олиб чиқмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.